Ўзбекистон ва Туркманистон музейлари ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2022 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Темурийлар тарихи давлат музейи ва Туркманистон Давлат маданият маркази Давлат музейи вакиллари ўртасида Темурийлар даврига оид осори-атиқалар ва меъморий ёдгорликларни ўрганиш ва қайта тиклашга бағишланган онлайн учрашув-мулоқот ўтказилди.
Маълумот учун: Ушбу тадбир Туркманистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи (2021 йил 4-5 октябрь) доирасида икки томонлама музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Темурийлар тарихи давлат музейи директори ўринбосари С.Ўлжабоева ҳамда Туркманистон Давлат музейи директори М.Чариев ҳамраислигида ўтказилган мазкур тадбирда томонлар Темурийлар даврига оид осори-атиқалар ва меъморий ёдгорликларни ўрганиш ва қайта тиклашда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Хусусан, учрашув иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Темурийлар тарихи давлат музейи ва Туркманистон Давлат маданияти маркази Давлат музейи ўртасида ҳамкорлик Меморандуми лойиҳасини кўриб чиқишиб, ушбу ҳужжатни яқин келажакда имзолаш тўғрисида келишиб олишди.
Бундан ташқари, томонлар ўртасида Ўзбекистонда ва Туркманистонда музей соҳасида ўтказиладиган тадбирларда ўзаро иштирок этиш, ҳамкорликда ҳар икки давлат музейларида кўргазмалар ташкил қилиш ҳамда ўзаро илмий тажрибалар алмашиш тўғрисида келишувга эришилди.