Ўзбекистон Президенти Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ маслаҳати раиси билан телефон орқали мулоқотда парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади
Давлатимиз раҳбари Матбуот хизматининг маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Сермаҳсул парламентлараро мулоқот, шу жумладан, минтақавий форматда ҳам ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Туркманистон томонини жорий йил 12-13 май кунлари Ашхобод шаҳрида халқаро тадбирлар - Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг биринчи Парламентлараро форуми ҳамда Хотин-қизлар мулоқоти муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлади.
Форум ишини мунтазам йўлга қўйиш, унинг доимий фаолият юритадиган котибиятини тузиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Халқаро кун тартиби юзасидан, минтақавий ҳамкорликни давом эттириш ва кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги самарали шерикликни ривожлантириш, шу жумладан, Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.