Ўзбекистон ва Россия Президентлари телефон орқали мулоқотда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар
Президент Шавкат Мирзиёев бугун Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўтган йил ноябрь ойида Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил бошидан фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар суръати ошгани мамнуният билан қайд этилди. Март ойи охирида биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда апрель ойида Ўзбекистон пойтахтида янги минтақавий форматда ташкил этилган “Иннопром” халқаро саноат кўргазмаси доирасида икки томонлама тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
Саноат кооперацияси бўйича устувор лойиҳалар давом эттирилмоқда. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди.
Гуманитар ҳамкорликка доир, шу жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва спорт соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари ишбилармон доиралар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва ҳудудлараро алоқаларнинг катта салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этдилар.
Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Икки мамлакат Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстоналик руҳида ўтди.