Ўзбекистон Президенти шахмат бўйича терма жамоа аъзоларини 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги ғалаба билан табриклади
Қадрли шахматчилар!
Азиз фарзандларим!
Аввало, сиз, азизларни ва сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли халқимизни мамлакатимиз ҳаётида улкан қувончли воқеа – Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳар томонлама муносиб иштирок этиб, Олимпиада чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклаб, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Сизлар дунёнинг манаман деган шахмат усталари иштирокида ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган, 188 та жамоа иштирок этган ушбу энг нуфузли шахмат мусобақасидаги улкан ғалабангиз билан мамлакатимиз спорти тарихида янги саҳифани очиб бердингиз.
Бутун халқимиз дунёдаги ана шу мусобақаларда сизларнинг ҳар бир баҳсингизни “ойнаи жаҳон” ва Интернет орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди.
Ўз навбатида, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган ёш шахматчиларимиз ҳам бундай юксак ишончни оқлаб, халқимизга ёрқин ғалабаларни тортиқ этдилар.
Ҳеч шубҳасиз, сизларнинг бу улкан ғалабангиз Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик шонли байрамига муносиб совға бўлди.
Ушбу мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Яқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов каби ўғлонларимизнинг истеъдодига бутун дунё яна бир бор тан берди.
Айниқса, Жаҳонгир Воҳидовнинг сўнгги ўйиндаги ғалабаси терма жамоамизнинг тарихий ғалабасини таъминлади.
Шуни алоҳида ғурур билан таъкидлаш керакки, спортнинг шахмат турида бутун дунёда ном чиқарган Ҳиндистон, АҚШ, Арманистон, Нидерландия, Испания, Буюк Британия, Германия каби давлатлар вакиллари иштирок этган ушбу олимпиадада терма жамоамиз аъзолари ҳар томонлама муносиб иштирок этиб, биронта ўйинда ҳам мағлубиятга учрамади.
Сизлар шу тариқа ўзбек шахмат мактабининг шон-шуҳратини юксак босқичга олиб чиқдингиз. Сизлар каби азму шижоатли, ватанпарвар ёшлар энг катта бойлигимиз, миллатимизнинг “олтин фонди”, десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан.
Мана шундай зукко ва катта салоҳиятли ўғлонларни тарбиялаб вояга етказгани учун ота-оналарингиз ва устозларингизга чин юракдан ташаккур изҳор этаман.
Ўзбекистоннинг шахматчи қизлари ҳам ушбу халқаро мусобақада муносиб иштирок этиб, ўзларининг салоҳияти баланд эканини яққол намойиш қилдилар. Шу ўринда уларга ҳам чин қалбимдан тасанно айтаман.
Бугун ғолиб ва совриндор спортчиларимизни тайёрлашда чинакам фидойилик кўрсатган терма жамоамизнинг тажрибали мураббийлари Иван Соколов, Владимир Егинга ҳам ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдираман.
Сизларнинг бугунги мисли кўрилмаган ғалабангиз юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спорт, хусусан, шахмат соҳасига берилаётган катта эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин амалий натижасидир.
Ишончим комилки, 2026 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳам мамлакатимиз вакиллари муносиб иштирок этиб, юқори марраларни забт этади.
Юксак ғалаба яна бир бор барчангизга муборак бўлсин, азиз фарзандларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти