“Бойсун баҳори”га марҳамат
Жорий йил 1-7-май кунлари “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади. Ушбу фестивал Сурхондарё вилояти Бойсун тумани “Бибиширин” маҳалласида жойлашган 6 га ер майдонни ўз ичига (110 ўринли замонавий меҳмонхона, 100 ўринли хунармандлар маркази, 3200 ўринли замонавий амфитеатр, 15 та туманларнинг ўтов ва қўрғонлари) олган “Туризм” масканида ўтказилиши режалаштирилган.
Дунё фольклор-этнографик санъати ижрочилари ва шинавандаларини, фольклоршунослар ва соҳа мутахассисларини гўзал тоғлар қўйнида бирлаштирадиган фестивални бу йил тамомила янгича рухда ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Айни пайтда асосий тадбирлар ўтказиладиган жойда фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, миллий спорт ўйинлари ва бошқа турли томошаларни кенг намойиш этиш учун барча қулайликлар яратилмоқда. Шеробод-Бойсун йўналишининг М-39 халқаро автомагистрали бўйида ва Бойсун тумаин ҳудудида жойлашган турар-жой ва овқатланиш масканлари ҳолати яхшиланиб ободонлаштирилмоқда. Енгил конструкцияли савдо расталари, санитария-гигиена шахобчалари ташкил этилмоқда.
Бу йилги фестивал олдингиларига қараганда тамомила бошқача тарзда ўтказилади.
Хусусан, дастлаб Термиз шаҳрида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади. Байрам кунлари миллий таомлар, ҳунармандлик ишлари
ва либослар кўргазмалари, дрон, дрифт ва авто шоулар, вилоятлар ва пойтахт фольклор-этнографик жамоаларининг концерт дастурлари, “Хўжамайхона” зиёратгоҳи йўлларида веломарафон мусобақаси, ҳаво шарлари фестивали ўтказилади.
Бундан ташқари варрак учириш, қўчқор, хўроз уриштириш, арқон тортиш ва бошқа этноспорт беллашувлари, кураш, улоқ-кўпкари мусобақалари фестиваль меҳмонларида бой таассурот уйғотади. Халқаро фольклор-этнографик жамоалар кўрик-танловида дунё халқларининг ноёб қадимий санъатлари барчага ўзгача завқу-шавқ улашади.
Шу билан бирга хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун саёҳат маршрутлари ташкиллаштирилиб, Омонхона” шифобахш булоқ суви, Хўжа Султон Валий, Камари Азиз, Хўжақўчқор ота зиёратгоҳлари, Зовбоши, Қизил каньони сингари туристик манзилларга, вилоятдаги археологик обидалар
ва тарихий ёдгорликларга саёҳатлар уюштирилади.
Айни дамда халқаро фестивалда Буюк Британия, Бельгия, Исроил, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Руминия, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон каби 20 га яқин давлатдан машҳур фольклор жамоалари иштирок этиш режалаштирилган.
Шунингдек, фестивалга 100 мингга яқин маҳаллий ва 5 мингга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюриши кутилмоқда.
Сайёҳларга қулай шарт шароитлар яратиш мақсадида Бойсун туманида 11 та меҳмонхона, 95 та оилавий меҳмон уйлари, 10 та хостел ва ётоқхоналар шай ҳолатга келтирилди.
Фестивалда мамлакатларининг миллий санъатини намойиш этиб, халқаро кўрик-танловда қатнашиш учун чет давлатлар фольклор жамоаларидан таклифлар келиши давом этмоқда.