Шавкат Мирзиёев: “Мен умримни шу халққа тикканман!”
“Албатта, мен иқтисодчи эмасман. Аммо Президентимиз олиб бораётган халқпарвар сиёсатнинг ичида яшаётганим учун кўп жараёнлар ҳақида ўзимнинг шахсий қарашларимни шу азиз Ватаннинг бир фарзанди сифатида айтишга ҳақлиман, деб ўйлайман”, деб ёзган сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов.
Қуйида ушбу мақоланинг тўлиқ шаклини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
“Президентнинг яқинда Жиззахда вилоят фаоллари билан учрашувдаги маърузасида бир нуқта кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда давлатимиз раҳбари шундай деган эди:
“Худо менга соғлиқ бериб, умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди. Нимага десангиз, бунга мен етти йил умримни тикдим. Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим. Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим...”.
Ёзилган нутқдан ташқарига чиқиб айтилган ушбу мулоҳазалар одамларни фавқулодда сергаклантирди. Эҳтимол, шундандир айни иқтибос матбуот ва ижтимоий тармоқларда кўп “айланди”.
Нега? Чунки бу сўзлар самимий ва чин юракдан айтилган эди.
І
Орадан кўп вақт ўтмай оммавий ахборот воситалари саҳифаларида мамлакатимиз ҳаёти учун ўта муҳим бўлган икки хабар тарқалди.
Биринчиси – Жаҳон банкига тегишли. Унда шундай дейилади: “Ўзбекистон камбағаллик даражасини 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга камайтирди, қишлоқ жойларида (8 фоиз) шаҳарларга (4 фоиз пункт) нисбатан каттароқ пасайиш кузатилди. 1,6 миллионга яқин одам камбағалликдан чиқиб кетди.
Иккинчи мана бу хабарга эса Марказий банк масъул: «2023 йил якунига кўра, – дейилади унда, – Ўзбекистонда жами иш билан банд бўлган аҳоли сони 312 минг кишига ёки ўтган йилга нисбатан 2,3 фоизга ошди”.
Қайд этилишича, ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигидан бошлаб меҳнат бозори кўрсаткичлари яхшиланишда давом этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг январь ойига келиб иқтисодиётдаги ишсизлик даражаси сезиларли даражада камайиб, 6,8 фоизни ташкил қилган. Бандликка асосий ҳисса қўшган соҳалар қурилиш ва савдо тармоқлари бўлиб, қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар миқдори эса камайган. Шунингдек, меҳнат бозоридаги бўш иш ўринлари (ваканциялар) сони билан ўлчанадиган ишчи кучига бўлган талаб 14 фоизга ошди.
Бу иқтибосларни бирор адиб ёки журналистнинг ҳаяжон тўла мақоласидан олганимиз йўқ. келтирилган икки иқтисодий ахборот ҳам мақомига кўра расмийдир. Жаҳон банки таҳлилида шу кўрсаткичлар тан олинаётган экан, демак, биз тўғри йўлдамиз: олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётир.
Лекин адолат ҳаққи-ҳурмати шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, одамларимиз орасида бўлаётган бундай ўзгаришларни тушунмаётганлар, кўриб кўрмасликка олаётганлар ҳам бор. Мен бундайларга қарата, дунёда инсофу диёнат деган гаплар бор ва бу тушунчаларга ҳали қирон келмаган, деган бўлардим. Ва яна айтган бўлардимки, инсоният тамаддунининг гултожи бўлган Рим ҳам бирдан бунёд бўлмаган...
Албатта, мен иқтисодчи эмасман. Аммо Президентимиз олиб бораётган халқпарвар сиёсатнинг ичида яшаётганим учун кўп жараёнлар ҳақида ўзимнинг шахсий қарашларимни шу азиз Ватаннинг бир фарзанди сифатида айтишга ҳақлиман, деб ўйлайман.
ІІ
Кўҳна дунё тарихи шуни кўрсатадики, дафъатан содир бўлган муайян янгиланишлар гоҳо инсон руҳияти, қалб олами, тафаккури, яшаш ва турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборади. Бу эврилиш унинг Ватанга муҳаббати, ҳаётбахш ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси, ўз тақдири, келажагига муносабатини ҳам ислоҳ этадики, аслида, энг буюк ўзгаришлар ана шундан кейин бошланади...
Бугунги янгиланаётган, батамом янги қиёфа касб этаётган Ўзбекистонимизда кечаётган қайноқ жараёнлар сўзимизга яққол исбот, десам, янглишмаган бўламан. Бу тарихий янгиланишларга жаҳон афкор оммаси томонидан “Буюк бунёдкорликлар даври”, дея таъриф берилаётганининг боиси ҳам шундадир, эҳтимол.
Дарҳақиқат, истиқлолнинг дастлабки йиллари, аниқроғи, 2016 йилга қадар олдимизда бир қарашда забт этиш қийин бўлган мураккаб ва оғир довонлар турганди. Бу – тафаккуримиз, дунёқарашимиз, турмуш тарзимиз, орзу-мақсадларимиздаги янгиланиш, ислоҳ этилиши зарур бўлган ҳаётий тушунчаларимиз билан боғлиқ чўққилар эди.
Агар таъбир жоиз бўлса, тарихан ўтган қисқа даврда халқимиз Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида янги давр, янги замон – Янги Ўзбекистон довонларини қатъий ишонч, яқин ва узоқ истиқболни кўзлаган пухта режа, юксак ақл-идрок билан забт этиб келмоқда.
ІІІ
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистон халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатга айланмоқда.
Бу ишларнинг самарали натижаларини нуфузли давлат ва сиёсат арбоблари, эксперт ва таҳлилчилари эътирофидан ҳам билса бўлади. Энг муҳими, Ўзбекистонда бу демократик ўзгаришлар кимларгадир ёқиш, мақтаниш, турли рейтингларга кириш учун эмас, аксинча, халқимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширилмоқда.
Очиғи, мамлакатимизда давлат ва ҳокимият идоралари узоқ вақт давомида халқ ҳаётидан узилиб қолганди. Яширишнинг ҳожати йўқ: илгари ҳоким ёки вазир дейилса, олисдаги хилқат даражасида бўлган одамлар тасаввур қилинарди. Чунки вазирлик ҳам, ҳокимият ҳам ўзини қалин темир панжара билан иҳоталаган, вазир ва ҳокимнинг эса нафақат ёнига йўлаш, ҳатто, кўриш имконсиз эди.
Бугун амалдорлар халқ орасига кирди. Президентимиз бу жараённи жуда халқона тилда ифодалайди: тепадан пастга тушиш...
Бинобарин, шундай! Давлат ва унинг органлари, аввало, халққа хизмат қилиши керак. Айни тамойиллар асосига қурилган давлат ҳокимиятигина том маънода халқчил, демократик ҳокимият ҳисобланади. Бундай давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади. Шу сабабдан халқнинг оғирини енгил қилиш, унинг муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш барча ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.
Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишлари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланишмоқда. Давлат органлари халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очилиб, улар билан фаол мулоқот олиб бормоқда. Мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги очиқ тан олиниб, улар бирин-кетин бартараф этилмоқдаки, бунинг натижаси ўлароқ, одамлар адолат, ҳақиқат деган тушунчаларни фақат сўзда эмас, ўзларининг ҳаётлари мисолида ҳам ҳис этишмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йил 8 сентябрдан Президентлик вазифасини бажаришга киришиши билан халқ қабулхоналари фаолиятини йўлга қўйди. Ушбу тузилмалар халқ ва давлат ўртасидаги “девор”ни олиб ташлади. Халқнинг дарди тўғридан-тўғри давлат раҳбарига етиб борадиган бўлди. Натижада реал ҳаёт, реал муаммолар, ҳеч қандай бўёқларсиз, борича намоён бўлди. Бу давлат раҳбарига жамият ривожи учун аниқ чоралар ишлаб чиқиш имконини берди.
ІV
Барчамиз кўриб, сезиб турибмизки, бугун мамлакатимиз иқтисодий тизими тўлиқ қайта барпо этилмоқда. Қанчалик оғир бўлмасин, бозор механизмларини амалда жорий этиш бошланди. Аввал иқтисод, кейин сиёсат, деганларидек, иқтисодиётни оёққа турғазмасдан туриб, маънавияту маърифат ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмасди. Шу боис бу борадаги ишлар, аввало, аҳолининг муаммоларини ҳал этишдан бошланди. Бунинг натижасида бугун жуда жўн бир амалиётга айланиб қолган банк карточкасидаги пулларни нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг «қора бозор»да бошқа, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий валюталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ кўп-кўп муаммоларга ечим топилди.
Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатди: тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлди, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланди. Ҳолбуки, яқин тарихимизда ҳам “тепа”дан буйруқ бўлмаса, бир қадам босишга ҳақимиз йўқ эди. Аҳвол шу даражага етиб борган эдики, уйимизнинг томигача пахта экдик, лекин косамиз оқармади.
Энг ёмони, совет замонини қўя турайлик, “Озодлик тонги” дея шарафлайдиганимиз – мустақилликдан кейин ҳам болалар, аёллар меҳнатидан воз кечмадик, кечаги кунларимизгача норасида гўдакларимиз, мунис ва муштипар аёлларимизни чилланинг иссиғида қовжиратиб, кузу қишнинг аёзида дирдиратиб далага ҳайдадик...
Ҳисоб-китобларга кўра, ўша йиллари миллионлаб одамлар пахта теримига мажбуран сафарбар этиларди. Булар орасида болалардан ташқари, таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари, корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари, қўйингки, қимирлаган жон бор, ҳамма «зарбдор фронт»га чақириларди. Бундай паллада таълим, тиббиёт ва бошқа барча муҳим соҳалар истиқболию ривожи кейинги планга тушар, чунки пахта бу сиёсат, мамлакат ижтимоий-сиёсий мафкурасининг доминант (устун) қадрияти эди. Ҳатто шундай тартиб жорий қилинган эдики, раҳбар сўралган миқдордаги «теримчи»ни беролмаса, ўрнини пул билан “ёпар”ди...
Ўтган кунларимиз ҳақида шу мулоҳазаларни ёзар, гапирар экансан, беихтиёр ўйлайсан: кечагина қўлидаги картасидан пул нақдлаштириш учун банкдан ёки у-бу юқорироқ идорада ишлайдиган «учар»лар орасидан таниш қидирган ва унга бу “беминнат” хизмати учун ечилган пулнинг ҳатто ўттиз фоизигача “ташаккур”и рамзи сифатида унинг қўлига тутқазишга рози бўлган баъзи одамларимиз бугунги имкониятлар қадрига етмоқдами? Ёки ҳали эслаганимиз, кузнинг адоғигача далада ғўзапоя санаб юрадиган зиёлию ишчи-хизматчиларимиз-чи?.. Ҳолбуки, кечагина бу масалалар жамиятимизнинг энг оғриқли ва адолатсизликнинг юқори нуқтасига етган муаммолари эди...
Тўғри, бу мусибатли ва рангсиз ҳаёт тарзи бугун ўзгарди. Аммо у ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Осмондан ҳам тушгани йўқ. Нега буни биз тез унутамиз, қадрига етмаймиз?!
Майли, асосий мавзудан чалғимайлик. Бугун иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, туризмнинг ривожланиши, солиқ тизимидаги янгиланишлар, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши, банк-молия соҳасидаги ўзгаришлар, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида амалга оширилаётганини ишонч билан айта оламиз. Энг муҳими, валюта бозори либераллашди. Чунки бизда узоқ вақт валютанинг эркин конвертацияси чекланди. Ҳозир корхоналар импорт операцияларини амалга ошириш учун бемалол валюта харид қилиш имконига эгадирлар. Ваҳоланки, иқтисодиётнинг эски модели бутунлай конвертациянинг йўқлигига боғланган эди, конвертация тизими энг коррупциялашган соҳа эди. Образли қилиб айтганда, бу эски моделнинг борлиғи, ўзаги эди.
Ўрни келганда, писандадан ташқари айтмоқчиманки, айни кунларимизда бу ўзгаришларни эслайдиган одамлар жуда кам. Нега? Чунки “яхшилик тез унутилади” деган менталитетимизга хос классик “қадриятимиз” бу ерда ҳам ишлаб кетади. Ҳолбуки, айнан конвертация муаммоси туфайли қанчадан-қанча тадбиркорлар иш фаолиятини тўхтатган. Бунинг оқибатида эса минг-минглаб иш ўринлари бой берилган эди.
Бугун биз кўраётган қийинчиликлар, маълум зўриқишлар инъикоси ўша хатоларимиз, камчиликларимиз замирида беркинганини, табиийки, кўпчилик одамларимиз билмайди ҳам, тушунмайди ҳам. Афсуски, буларни шарҳлаб берадиган олимларимиз, мутахассисларимиз саноқли.
Мен иқтисодиётдан ташқаридаги бир одам сифатида буни шундай тасаввур қиламан: тўғри, рельс ҳам, вагонлар ҳам бор эди, фақат муаммо шунда эдики, бу конструкт жойида муқим туришга мойил эди. Ўзини ўзи чегаралаб олган, атрофдан иҳоталанган эди. Ва яна буни жойидан жилдирадиган ташқи таъсирга кучли эҳтиёж бор эди. Бу, айтиш мумкин бўлса, иқтисодиётдаги либерал сиёсат эди...
Халқимизда “ҳечдан кўра кеч...” деган гап бор. Тўғриси ҳам, бўлмагандан кўра-кеч бўлса-да, бўлгани яхши. Бугун иқтисодиётимиз аста-секин изга тушаётир, поезд жойидан жилган... Хусусан, одамларимиз кўзига яққолроқ кўринадиган бир манзара – бугун ишбилармон юртдошларимиз учун барча имкониятлар яратилди, яратилмоқда. Уларнинг эркин бизнес юритиши шахсан давлатимиз раҳбарининг эътиборида. Бунга ҳар йили ўтказиш анъанага айланган Президентимизнинг тадбиркорлар билан мулоқоти ҳам бир мисолдир.
Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган, айни муаммоларнинг ичида яшаган бир одам сифатида баъзи мулоҳазаларни билдирмоқчиман. Мен узоқ йиллар Жиззахдаги аккумулятор заводига раҳбарлик қилганман. Ва ўша жараёнларда нақд пул муаммосини ҳам, конвертация масаласини ҳам бевосита кўрганман. Бу, юмшоқ қилиб айтганда, тадбиркор, ишбилармон учун қип-қизил азобнинг ўзгинаси эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ҳатто, эсласам, юрагим оғрийдики, ярим кечадан эрта тонггача нақд пул тушуми бўйича турли йиғилишлар, селекторлар бўлар, катта-катта амалдорлар, жиддий одамлар шу масала бўйича жиғибийрони чиқиб, талашиб-тортишишар ва ҳатто бир-бири билан сўкишиб, ёқалашишгача бориб етарди. Конвертация масаласи бундан ҳам оғир ва иқтисодиётимиз учун кулфатлироқ эди.
Масалан, шахсан ўзим заводда иш ўринларини кўпайтириш, маҳсулот сифатини ошириш учун чет элдан ҳамкорлар топиб, замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатганман, аммо ўша ускуналарнинг валютадаги кредитини тўлашга келганда юзимиз қизарган. Чунки топилган миллий валютани конвертация қилиш муаммо эди. Мабодо, Худо бериб, валюта топсангиз ҳам, унинг тенг ярмини давлатга топширишга мажбур эдингиз. Чунки тартиб шундай эди. Бундай ҳолат фақатгина бизнинг корхона эмас, кўпга келган тўй, деганларидек, мамлакатдаги барча ишлаб чиқарувчилар, ишбилармонлару тадбиркорлар бошига тушган кўргулик эди. Шу сабаб ҳам бизда ишлаб чиқариш оқсади, чет эллик инвесторлар қадами юртимиздан тортилди, ҳали айтганимиздек, вагонларимиз жойида туриб қолаверди.
Президентимиз бу муаммони жуда яхши билар, халқона тилда айтадиган бўлсак, бу азобларни жонидан ўтказган эди. Шунинг учун ҳам бу масалаларни шахсан ўз назоратига олди. Иқтисодиёт соҳасидаги биринчи қилган ўзгариши валюта бозорини либераллаштириш бўлса, иккинчи энг муҳим янгилик пул муомаласидаги ислоҳотлар бўлди. Қолаверса, иқтисодиётимизни қўллаб-қувватловчи, ишбилармон ва тадбиркорларимиз фаолияти учун кенг йўл очувчи, уларни ҳимоя қилувчи ҳуқуқий асослар яратилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, кўплаб чет эл инвесторлари Ўзбекистонга қайтди...
Жаҳон тан олган иқтисодий қонуниятга кўра, эркин конвертация, авваламбор, халқаро савдо муносабатларининг тўлақонли аъзоси бўлиш учун мутлақо зарурат. Фақат халқаро савдо муносабатларининг аъзоси бўлган мамлакатлар халқаро меҳнат тақсимида иштирок этиб, ундан келиб чиқадиган фойда ва имтиёзларга эга бўлади.
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси йилига 2 фоизга ўсмоқда, прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб халқимиз нуфуси40 миллионга етади. Бундай катта давлатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халқимизга муносиб шароит яратиш учун иқтисодиёт ҳам, бошқарув ҳам, таълим ва тиббиёт ҳам янгича бўлиши, барча соҳаларда ўсиш, ривожланиш бўлиши керак.
Давлатимиз раҳбарининг фармони билан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бугун ана шу мақсадга хизмат қилмоқда, десам, янглишмаган бўламан. Изчил ислоҳотлар самарасида асосий капиталга ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми илгариги йиллардагидан 5 карра кўпайиб, 2017-2023 йилларда 16 миллиард доллардан ошди.
Тадбиркорлар синфи шаклланиб, жамиятимизда ҳақиқий кучга, ислоҳотлар драйверига айланди. Бунинг натижаси ўлароқ, сўнгги йилларда ялпи ички маҳсулот ҳажми 2018 йилдаги 52,9 миллиард доллардан 2023 йилда 90,9 миллиард долларга етди. Аҳолининг харид қобилияти ва ўртача ойлик иш ҳақи 2018 йилга нисбатан қарийб 1,6 маротаба ошиб, бугунги кунда 375,1 долларни ташкил этмоқда.
Энди мавжуд салоҳиятимизга таяниб, янада юқори марралар белгиланмоқда. 2030 йилга бориб иқтисодиётимизни 2 баробардан кўпроққа ошириб, 160 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2496 доллардан 4 минг долларга етказиш кутилмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киради.
Бу мақсадларга етишиш учун, энг аввало, илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш талаб этилади. Бунда меҳнат унумдорлиги икки баробар ошади. Шу мақсадда хорижий ҳамкорлар билан бирга умумий қиймати 115 миллиард доллар бўлган йирик лойиҳалар аллақачон бошланган. Жумладан, кейинги йилларда стратегик мегалойиҳалар ишга туширилади. Хусусан, Олмалиқда 3 та мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи, Оҳангарон мисни қайта ишлаш кластери, Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари, Тошкент ва Навоий вилоятларида фосфорит хомашёсидан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси, Тебинбулоқ ва Ғаллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари иш бошлайди. Натижада 2030 йилгача юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар, олтин – 1,5 карра, кумуш – 3 марта, уран – 3 баробарга оширилади.
Шунингдек, Ўзбекистон тарихида илк бор алюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқариш бошланади. Бу хомашёлардан автомобиль, электроника, “яшил энергия” қурилмалари, кимё ва полимер каби юзлаб янги маҳсулотларни ишлаб чиқарса бўлади. Бу 2,5 миллион юқори даромадли иш ўрни, деганидир. Президентимиз ўзининг сайловолди дастурида қайд этганидек, тез орада 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлади ва ишлаб чиқариш йиллик ҳажми ҳозирги 350 мингдан – 1 миллион донага етказилади. Бунда йилига 300 мингта электромобиль ишлаб чиқарилади. Умуман, саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 миллиарддан 45 миллиард долларга етказилади.
Кези келганда айтмоқчиманки, саноат ва иқтисодиётнинг келажаги бу экспортдир. Сўнгги йилларда чарм-пойабзал, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, фармацевтика йўналишларида минглаб янги корхоналар очилди. Натижада экспорт ҳажми 1,5 баробар кўпайиб, 20 миллиард доллардан ошди. Ташқи бозорларга чиқиш харажатлари юқори эканини инобатга олиб, стратегияда илмга асосланган, юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш мўлжалланяпти.
V
Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг ҳам мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилининг янги таҳрирдаги Конституциямизда асосий норма сифатида мустаҳкамланиши, инсон қадрини янада улуғлаш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилгани янада аҳамиятлидир. Ижтимоий давлатда барқарор ривожланишнинг муҳим мақсади – ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий соҳаларнинг мунтазам тараққий этишини таъминлаш, самарали ижтимоий суғурта таъминотини йўлга қўйиш, жамиятда кескин ижтимоий фарқланиш ва ижтимоий тенгсизликка йўл қўймаслик, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш каби вазифалардир.
Бугун Ўзбекистонда камбағаллик муаммосини ҳал этиш ижтимоий сиёсатда алоҳида ўрин эгаллади. Унга қарши фаол кураш 2020 йилда мамлакатимиз Президенти томонидан ушбу ҳолатнинг биринчи марта расман тан олинган пайтида бошланганди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида маълумотлар базалари шакллантирилди. 2021 йилдан бошлаб кам таъминланганларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олиш механизми жорий этилган. 2022 йилда 9,5 мингта маҳаллада ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари иш бошлади. Ҳоким ёрдамчилари томонидан юз минглаб инсонлар бандлиги таъминланди. 2017 йилда 500 минг нафар кам таъминланган оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 2,5 миллиондан зиёдни ташкил қилмоқда. Ажратилаётган маблағлар ҳажми етти баравар оширилиб, йилига 13 триллион сўмга етди.
Кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли мақоламиз аввалида келтирганимиздек, 2021-2023 йилларда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга пасайиб, 1,6 миллионга яқин фуқаро камбағалликдан чиқди. Бундай натижаларга эришишда аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларга муносиб иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ва узоқни кўзлаган сиёсат ҳал қилувчи омил бўлмоқда.
Камбағалликни камайтириш, бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифадир. Бу борада жорий этилган “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” каби тизимларни алоҳида эътироф этиш зарур. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами билан ана шу тизим асосида ишлашга киришилганидан сўнг кўплаб юртдошларимиз нафақат ўз оиласи фаровонлигини оширишга киришдилар, балки ўз корхоналарини ташкил этиб, иш берувчиларга айланишди.
Бундан уч йил илгари Жиззахга “Аёллар дафтари” дастури доирасида борганимиз кечагидек эсимда. Ўшанда Шароф Рашидов туманидаги маҳаллалардаги кам таъминланган оилалардан бирига киргандик. Катта ва яйдоқ ҳовлида боқувчисини йўқотиб, тўртта норасида боласи билан ёлғиз қолган аёл чорасизликдан кўзлари жовдираб тургани ҳалигача кўз ўнгимда. Бу оила ўша маҳал рўйхатга олинди, зарур ёрдам кўрсатилди.
Яқинда шу маҳалладан ўтаётиб, ўша хонадон эшиги олдида тўхтадим. Уйнинг деворлари оқланган, дарвозалари бўялган – уйга ранг кирган. Ҳовли сатҳи ҳам ўзгарган. Биз кўрган яйдоқ майдон ўрнида бежирим иссиқхона пайдо бўлибди. Қолган майдонларга зираворлар экилган, атроф кўкариб, яшнаб турибди. Уй бекаси билан ҳам учрашдик. Ҳаракатлари дадил, қарашлари ўктам. Ёрдам таклиф қилсак, икки қўли кўксида: “Давлатимиз, Президентимиз мени жар ёқасидан олиб чиқди. Сизлар келган ўша маҳаллар шундай руҳий ҳолатда эдимки, тушунтириб беролмайман. Дунё кўзимга қоронғи кўриниб, турли ёмон хаёлларга ҳам борганман. Чунки тўртта бола билан ёлғиз қолиш оғир экан. Таниш-билиш ҳам бир ёрдам беради, икки беради, кейин у ҳам одам, ўз ташвиши бор ҳамманинг. Шундай оғир кунда Худо сизларни етказди. Кўрсатилган ёрдамдан иссиқхона қурдим, томорқамни тикладим, мол-ҳол қилдим. Топилган даромаддан тикув машинаси олиб, маҳалладаги қиз-жувонлардан тўрт-бештасини иш билан таъминладим...” деди.
Очиғи, ўша аёл билан бўлган учрашув менинг кўнглимни кўтариб юборди. Чунки Президентимиз бошлаган ишлар аста-секин ўз самарасини бераётир, одамлар дардига малҳам бўлаётир. Албатта, бу бир оила, бир аёл мисолидаги ҳолат. Мамлакатимизда эса ушбу ижтимоий лойиҳалар туфайли дастурхони баракага, ҳаёти бахтга тўлаётган оилалар юз минглаб топилади.
Ижтимоий ҳимоя ҳақида гап кетганда, пенсионерлар манфаати кучли ҳимояга олинаётганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Ҳозир (2023 йил 1 январь ҳолатига кўра) Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 12,4 фоизи (4,5 миллион киши) пенсия ва нафақа олмоқда. Сўнгги вақтда улар сони йилига 200-250 минг нафарга ўсиб бормоқда. Сафнинг кенгайиши билан тизимда ҳам бир қанча ўзгартиришлар қилишга эҳтиёж сезилди. 2017 йилгача пенсионерларни қийнаб келган муаммолардан бири – уларга пуллар нақд шаклда берилмаётганида эди. Ўша йили 1 февралдан бошлаб мазкур масала ечим топди: пенсия ва нафақалар исталган шаклда – нақд ёки пластик карта орқали берила бошланди.
Пенсия тизимидаги яна бир ижобий ўзгариш – 2019 йилда юз берди. Яъни пенсия ҳисоблашда иш ҳақига белгиланган юқори чегара пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 8 бараваридан 10 бараварга оширилди. Бунинг натижасида 531 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори ошди. Қолаверса, ўша йилнинг 1 январидан бошлаб ишлайдиган пенсионерларга ҳам пенсияларини тўлиқ олиш имконияти яратилди. 2023 йилнинг 1 январидан эса пенсия тайинлаш учун олинадиган ўртача иш ҳақининг юқори чегараси пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараварига етказилди.
VI
Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир. Бу – инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Бу жараёнда ўқитувчиларнинг мавқеини юксалтириш бўйича улкан ишлар қилинди. Ўқитувчи ва ўқувчилар юқорида айтганимиздек, пахта терими, дала юмушлари, ободонлаштиришу қурилиш ишлари каби ҳар қандай турдаги мажбурий меҳнатдан, яна ҳам аниқроқ айтганда, “текин мардикор”ликдан озод қилинди.
Ҳаммамиз яхши биламизки, таълим тизимига адолатсиз ёндашув муаллимнинг обрўйи, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани туфайли аксарият эркак ўқитувчилар ишини ташлаб кетишга мажбур бўлганди. Бунинг оқибатида, қўпол бўлса ҳам айтай, мактаб ва болалар таълим-тарбияси аёл педагоглар қўлида қолганди. Фарзанд ўстираётган ҳар биримиз уйда, ҳаётда болага отанинг, эркак кишининг тарбияси нечоғлик муҳим эканини яхши биламиз ва англаймизки, бу пировард натижаси аянчли тус олиши мумкин бўлган ҳолат эди.
Хўш, эркак ўқитувчилар нега мактабни ташлаб кетишганди? Жавоб жуда оддий: уларнинг дарс бериб топадиган пулига куни ўтмай қолганди. Ўзингиз ўйланг, муаллим эртаю кеч ишдаман, деб юрсаю, маоши ўзининг эҳтиёжига етмаса, оиланинг боши, рўзғорнинг устуни бўлган эркак учун бундан оғир маломат борми?! Ўша йиллари ўз ишини қўйиб, кун кўриш, рўзғор боқиш учун “ипподром”га чиқиб кетган нафақат мактабдаги ўқитувчилар, балки илм-фанда маълум рутбаю обрўга эга юзлаб домлаларни ҳам кўпчилигимиз яхши биламиз.
Албатта, бу гапларни бировнинг ҳолига писанда қилиш, кулиш учун айтмаяпман. Аҳвол шундай эди. Ва бу кўргиликдан ҳеч ким ҳимояланмаганди ҳам.
Бугун инсофи бор, виждони уйғоқ одам тан олиши керакки, таълим соҳасида вазият ўнгланди. Мактабга, муаллимга кўрсатилаётган эътибор туфайли устозлар ўз севимли касбларига қайтишмоқда. Давлатимиз томонидан уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда мактаб ўқитувчиларининг ойлик маошлари 2,5 баравар, олий таълим профессор-ўқитувчиларининг ойлиги 4 баравар оширилди. Бугун оддий қишлоқ мактабларида дарс бераётган ўқитувчилар орасида минг доллар маош оладиган устозлар юзлабни ташкил қилади.
Ёки бу мисолни ОТМ профессорлари фаолиятида кўрайлик. 2016 йилда улар 2 миллион сўм атрофида маош олган бўлса, 2023 йил 1 декабрдан бу миқдор 11 миллион 148 минг сўмга етди. Бундан ташқари, фаол олимларга илмий даражаси учун бюджетдан яна 60 фоизгача устама ҳақ тўланмоқда. Умуман олганда, таълим соҳаси бугун катта ислоҳотлар майдонига айланди, десам, буни ҳеч ким инкор эта олмайди.
Биргина кейинги йилларда айни жабҳада пайдо бўлган Президент мактаблари тизимини олайлик. Бошланғич таълимнинг жаҳон андозаларига жавоб берадиган бундай тизими бугун барча вилоятларда яратилди. Ва энг қувонарлиси, уларнинг битирувчилари дунёнинг энг нуфузли университетларига кириш учун грантларни ютиб олмоқдалар. Бундан ташқари, ўша ислоҳотлар замирида мамлакатимизда хусусий таълим ривожлантирилди, ҳозир 383 дан ортиқ шу типдаги мактаблар ва 65 дан ортиқ нодавлат олий таълим муассасалари фаолият юритмоқда.
Мамлакатимиздаги ОТМлар сони 210 тадан ошди. Улар орасида дунёнинг нуфузли университетлари филиаллари ҳам бор. Олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга кўтарилди.
Шу ўринда биз бугун деярли унутиб юборган тизимдаги хунук бир манзарани эсламоқчиман. Бундан атиги 8 йил илгари ҳам баҳор оёқлаши билан пойтахт ва ОТМлар жойлашган шаҳарларимиз қўлтиғига пул қистирган ота-оналарга тўлиб кетарди. Мақсад – фарзандини ўқишга жойлаш. Билим, адолат, омад деган тушунчаларга ҳеч ким ишонмас, ҳамманинг билгани, сиғингани доллар эди. Чунки шу муомала бўлмаса, иш битмаслигини ҳатто болаларнинг ўзлари ҳам билишарди. Аҳвол бундайлигининг эса ўзига яраша сабаблари бор эди. Биринчидан, соҳа коррупция уясига айланган бўлса, иккинчидан, мавжуд ОТМлар сони битирувчилар сонига мутаносиб эмасди. Бугун ўқишга кириш имкони ниҳоятда кенг. Бир абитурент бир пайтнинг ўзида бир неча ОТМга ҳужжат топшириши ва талаба бўлиши мумкин.
Хўш, айни ўзгаришларни бугун ким эслаётир?!.
Кези келганда айтиш керакки, бугун замонавий типдаги мактаблар қуриш, эскирганларини қайта реконструкция қилиш масаласи ҳам Президентимизнинг алоҳида назоратида. Ҳозир энг олис, тоғли ёки дашту далалардаги қишлоқларда ҳам тошу пахсадан кўтарилган томи лойсувоқ, шифти чанг-тутундан қорайиб кетган, ери бир қарич чангга ботиб ётадиган бирорта мактаб қолган эмас.
Бу ҳақиқатни тан олайлик. Ваҳоланки, яқин-яқингача болаларимиз ичига киришга одам қўрқадиган шундай биноларда сабоқ олишарди. Хўш, бу ишлар хамирдан қил суғургандай осон битган, деб қайси мард айта олади?! Таассуфки, аксарият ҳолларда биз бундай ишларни назардан қочирамиз, таассуфки, савобнинг таги тешик, дегандай, саховатни ҳам, меҳнатни ҳам, ўзгаришларни ҳам тезда унутамиз...
Ёки таълим-тарбия соҳасининг яна бир бўлаги – мактабгача таълим тизимини олайлик. Очиғини айтиш керак, совет даврида унча олий мақомда ва тўкис бўлмаса-да, бу борада маълум тартиб бор эди. Қишлоқларда ҳам “Ясли”, “Детсад” деган гаплар бўлар ва қишлоқ аёллари болаларини ўша ерга бериб, ўзлари давлат ишида ишлашга ёки бошқа юмушларга имконият топгандай бўларди. Бу жараён мустақиллик йилларига келиб “узилиб” қолди. Шаҳару қишлоқлардаги бундай муассасалар ёпилиб, биноси ва майдонлари енг ичида сотиб юборилди.
Қизиқки, ўртада бир авлод, айниқса, қишлоқ жойларда “болалар боғчаси” деган гапни гўё унутди. Ҳатто, бу тушунча маиший ҳаётимиздан чиқиб кетгандай бўлди. Лекин биз ўша маҳаллар ҳам зўр бериб, “қишлоқ аёлига шароит яратишимиз керак, у ишлаши, ўзига қараши, замонавий дунёда шаҳар аёллари билан теппа-тенг шароитга эга бўлиши керак”, дея лоф уришдан тийилмадик. Ҳеч кимнинг хаёлига қишлоқдаги аёлнинг уч-тўртта боласи бор, ишга борадиган бўлса, гўдакларини этагига солиб борадими, деган гап келмади. Бунинг устига, телевизорга чиқиб олиб, қишлоқ аёли ҳам ўзига зеб бериб, ороланиб юриши керак, бу оила мустаҳкамлигида муҳим омиллардан бири, дея этика-эстетикадан “дарс” бердик. Нафсиламрини айтганда, бу гаплар хато эмас эди: чинданам барча аёл гўзал бўлишга, бахтли ҳаёт кечиришга лойиқ. Аммо буни шароит кўтариши керак, ўша шароит эса йўқ эди.
2016 йилдан кейин ортиқча урғу берилмасдан, шов-шув ва турли ижтимоий-иқтисодий шарҳ ва “тушунтирув”ларсиз бу муаммоларни ҳам ҳал қилишга киришилди. Назаримда, қай шаклда “пиар” қилса, кўпроқ олқиш олиш эмас, мавжуд муаммони тезроқ ҳал этиш устида кўпроқ бош қотирилди. Шу ҳаракатлар самараси ўлароқ, кейинги йилларда мактабгача таълим ташкилотлари сони 6 баробарга кўпайди. Соҳада хусусий сектор иштироки сезиларли даражада кенгайди. Олис ва чекка ҳудудларда юзлаб оилавий боғчалар ташкил этилди. Натижада болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи 74,3 фоизга чиқди. 2025 йилда бу кўрсаткични 80 фоизга етказиш учун барча зарур чоралар кўриляпти.
Энг муҳими, Ўзбекистонда қабул қилинган “Таълим – 2030” концепцияси асосида ушбу соҳада ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Аммо мени ҳайрон қолдирадиган бир жиҳат бор: таълим соҳасида шунча янгиланишлар олиб борилаётган экан, ўқитувчилар, профессору академикларнинг қадри юксалаётган экан, нега зиёлиларимиз бу ўзгаришлар ҳақида гапирмайди ёки мулоҳазалари ўзаро гурунглардан юқорига кўтарилмайди?! Ҳолбуки, улар бундан етти-саккиз йил олдинги вазиятни оддий одамлардан кўра теранроқ тушунишади, билишади-ку?
VII
Мамлакатимизда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига бюджетдан ажратилган маблағлар 7,3 триллион сўмдан 24,7 триллион сўмга, шифокорларнинг ўртача ойлик маоши 1131,2 минг сўмдан 3282,7 минг сўмга, ҳамширалар маоши 692,1 минг сўмдан 2008,6 минг сўмга, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун бюджетдан ажратилган маблағлар 0,4 триллион сўмдан 1,8 триллион сўмга, тиббиёт соҳасидаги ОТМлар сони 7 тадан 9 тага, хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 4 000 тадан 7 010 тага етгани ҳам бир мисолдир.
Маълумки, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш оила учун ҳам, давлат учун ҳам самарали ва фойдалидир. Шу боис мамлакатимизда профилактик тиббиёт ривожига устувор аҳамият қаратилди. Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғини, тез ва шошилинч тиббий ёрдам тизими ислоҳ қилинмоқда. Ҳар бир маҳаллада «хонадонбай» ишлайдиган патронаж хизматини ташкил этиш орқали соғлиқни сақлаш тизими аҳолига яқинлаштирилди. Биргина 2022 йили жойларда 136 та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника ҳамда чекка ҳудудларда 1000 дан ортиқ маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Оилавий шифокорлар томонидан аҳолига бепул тарқатиладиган 70 хилдаги дори-дармон учун маблағлар ҳажми ўтган йилларга нисбатан 3 баробар оширилди. Оилавий поликлиникаларда кундузги даволаш ўринлари ташкил этилиши натижасида 740 минг киши шифохонага бормасдан, бевосита ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада муолажа олиш имкониятига эга бўлди.
Юқори малака ва технологиялар талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Авваламбор, 25 та ихтисослашган тиббиёт марказининг ҳудудларда юздан ортиқ филиали фаолият бошлади. Натижада илгари пойтахтда амалга оширилган 200 турдаги операция ва ташхисни аксарият маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди. 130 дан зиёд турдаги жарроҳлик амалиёти вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди. Тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 3,1 баробар оширилиб, уларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига чек қўйилди.
Энг муҳими, кўрилаётган чоралар натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 74,7 ёшдан ошишига эришилди. Келгусида ушбу кўрсаткични 78 ёшга етказиш вазифаси қўйилди.
Жорий йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакетни аҳолига бепул тақдим этиш бўйича зарур чоралар кўриш, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш ишларини давом эттириш кўзда тутилмоқда.
VIII
Бирда бунёд этиш, бирда вайрон қилиш инсониятга хос тушунча бўлиб, азалдан яқин қўшни, ҳамфикр ва ҳаммаслакликда тарих сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келаётган ота-боболаримиз бу борада жуда катта ҳаётий тажрибага эга. Боиси, асрлар мобайнида бошимизда не-не алп жаҳонгирларнинг найзаси синмади дейсиз?! Доно йўлбошчилар туфайли баъзан халқларимиз тинч-тотув умргузаронлик қилди, юрт обод бўлди, баъзан эса зулм ва залолат гирдобида орзу-мақсадларимиз вайрон этилди.
Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё халқларининг кейинги йиллардаги ҳаёти айнан Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ташаббуслари билан яқин қўшничилик, ўзаро ишончли ва дўстона ҳамкорликнинг янги даври сифатида тарих зарварақларига муҳрланмоқда. Бугун биз ана шундай тарихий даврнинг нафақат кузатувчиси, балки фаол иштирокчиси эканимиздан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.
Мен айни мавзудаги мулоҳазаларни жуда кўп мақолаларимда тилга олганман ва бундан кейин ҳам Муҳтарам Президентимизнинг бу борада олиб бораётган тарихий сиёсатини қайта-қайта айтишдан чарчамайман. Бу, лейтмотив бўлишга арзийдиган, Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродасини ёрқин намоён этадиган фикрлар, тарихий фактлар қуйидагича тартиб олиши мумкин: қадимдан аждодларимиз қўшничилик муносабатларини қадрият сифатида эъзозлаб келган. Бу ҳақда гап кетганда, авлоддан-авлодга ўтиб, тобора сайқалланиб бораётган “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши” каби ҳикматли ибораларни эслаш ўринлидир.
Аммо тарихан ўз тасдиғини топган бу тушунчалар ҳаётимизга сингиб кетмади; ўтмиши, тилию дини, маданияти бир бўлган минтақа давлатлари миллий сиёсатлар ва мафкуралар фонида оға-инидан кўра кўпроқ бегонага, ўзаро мулоқотдаги тил эса гоҳ пинҳон, гоҳида эса очиқ-ошкор меҳр-муҳаббат, дўстлик лисонидан, дипломатик қочирим ва писандалар тилига айланиб қолди. Ва ҳатто, айни кайфият минтақа давлатлари муносабатларида ўзаро “нафрат тили”ни шакллантиргандай ҳам бўлди. Бошқа давлатлардаги аҳволни қўйиб турайлик, бундан саккиз йил илгари оддийгина гап, қўшнилар билан борди-келдимиз, чегара, божхона текшируви деган масалалар аҳволи қандай эди? Савдо-сотиқ, маданий алоқалар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Чунки бундай ҳаракатлар деярли унутилганди.
Шавкат Мирзиёев ана шундай оғир ва қалтис бир вазиятда ҳокимиятга келди. Мамлакат гирдига солинган темир панжараларни синдириш, Ўзбекистонни очиқ мамлакатга айлантириш, айниқса, минтақа давлатлари билан музлатилган муносабатларига илиқлик киритишни ўз ташқи ва ички сиёсатининг устувор мақсади деб белгилаган Шавкат Мирзиёев учун бу машаққатли синов эди. Аммо бугун худди кино тасмасидек кўз олдимиздан ўтадиган ўша кунлар ўз хайрли хотимаси билан мазкур тарихий сюжетнинг қийматини янада оширганига гувоҳ бўлиш одамда ўзгача шавқ уйғотади.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизнинг барча ҳудудларида халқларимиз ўртасида қуда-андачилик, қариндошлик ва қардошлик анъаналари узилмас ришта сифатида ўзаро чамбарчас боғланиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин эсга олганимиз “музлик даври”да бундай қадриятлар оёқости бўлгани айни ҳақиқатдир. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша кезларда Тошкентдан водий вилоятларига Тожикистон ҳудудини кесиб ўтадиган темир йўл батамом қўпорилиб, ўрнига дарахт ўтқазиб ташлаш буюрилган ва шундай қилинган ҳам эди. Бунинг сабаби нима эканини айтмасам ҳам ҳамма тушунади: ўртадаги совуқчилик. Аммо биргина шу “сиёсий характер” ортидан иқтисодиёт қанча зарар кўрганини, одамлар нечоғлик азият чекканини ўша пайтда ўйлайдиган одам йўқ эди.
Дарвоқе, инсонлар тақдири. Мен айни жумлаларни ёзарканман, қўшни давлатдаги фуқаролар урушидан кейин миналаштириб ташланган тоғолди чегара ҳудудларида портлаб умри хазон бўлган минглаб одамлар тақдири юрагимни ўртайди. Айнан ўртадаги совуқчилик сабаб зарарсизлантирилмаган ҳудуд узоқ йиллар “жаҳаннам даласи” сифатида одамлар қалбини қўрқув ва хавотирга тўлдириб турди. Сиёсатдаги бундай “қайсар” қатъият нафақат иқтисодий-сиёсий, балки ижтимоий, дейлик, халқларимиз ўртасидаги муносабатларга ҳам путур етказди.
Айтайлик, Фарғона водийси, воҳа вилоятларининг чегара қишлоқларида яшовчи оилалар қўшни Тожикистон, Қирғизистонга тўй-маъракага бориб келиши учун бир неча чиғириқдан ўтиши, юзлаб чақирим йўл босиши керак эди. Ваҳоланки, чақирса, бир-бирининг овозини эшитадиган яқин масофада яшовчилар ширин дийдор учун битта ариқ, маҳалла ёки қишлоқ оралаб ўтиб борса, етарли бўларди.
Чегарадан ўтиш машаққатлари туфайли узоқ йиллар юзма-юз кўриша олмаган, тўйида хурсандчилигига шерик бўлолмаган, дунёдан ўтганида сўнгги манзилига кузата олмаган инсонларнинг қайғу-изтиробларига кўп гувоҳ бўлганмиз. Йиллар давомида ота-онаси, жондан азиз фарзандларига муштоқ яшаётганларни кўрганда, дунёда инсон учун чорасизлик, имконсизликдан ортиқ азоб йўқ эканини юрак-юракдан ҳис этардик. Чегаралар очилгач, ҳаёти соғинчларга айланган инсонлар бир-бирининг дийдорига тўйди, кўп йиллик орзу-армонлар ушалди. Тўй ва маърака, саёҳатларга эмин-эркин бориб келиш имконияти яратилди.
Давлатимиз раҳбари ечими чўнг бир сиёсий ирода талаб қиладиган муаммони жойидан қўзғатди: чегара, сув ҳавзалари, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш каби фақат кенгашиб ечиш мумкин бўлган масалаларни ҳал этишга киришди.
Ўз ўрнида айтиш керакки, геосиёсий нуқтаи назардан ўта муҳим зонада жойлашган минтақамиз доим глобал қудратлар қизиқиш марказида бўлиб келган ва уларнинг аксарияти бу ерда пайдо бўлган миллий давлатларнинг яқинлашувини таъсир ўтказишга зарар берувчи омил ўлароқ баҳолаганлар. Ўтган асрнинг бошларида советлар томонидан этник принципларга кўра бўлиб ташланган Туркистон халқлари мустақил бўлганидан кейин ҳам айирмачилик, бўлгинчилик, миллатчилик ботқоғидан чиқа олмади.
Айни шу сабабга кўра, америкалик машҳур сиёсатчи ва давлат арбоби Збигнев Бжезинский геосиёсат атамашунослигига “Евроосиё болқонлари” деган тушунчани киритганда, эҳтимол, ҳақ эди.
–....Оврўпада “Болқон” деган сўз, – дейди у – дарҳол этник ихтилофлар манзараларини кўз олдингизга келтиради ва сиз бу минтақадаги улуғ давлатларнинг ўзаро можароларини эслаб кетасиз. Евроосиё ҳам ўзининг “Болқонлари”га эга, бироқ “Евросиё Болқонлари” ҳажмига қараганда анча катта, аҳолиси янада қалин ва этник жиҳатдан турфа хилдир. Улар жуда катта ҳудудда жойлашган бўлиб, глобал беқарорликнинг марказий зонасини ташкил қилади ва ўз ичига Жануби-Шарқий Оврўпа районларини, Ўрта Осиёни, Жанубий Осиё қисмларини, Форс қўлтиғи ва Яқин Шарқни олади...
Олим бу таркибга тўққизта мамлакатни киритади ва уларнинг бештаси минтақамиз давлатларидир. Албатта, Бжезинский нимани назарда тутганини тушуниб турибмиз. У тўғри тусмоллаганидек, мутақиллик йилларида минтақамизда этник характердаги, ҳудуд ва сув талашиш устида бир неча тортишувлар бўлди. Ва таассуфки, бу можароларнинг кўпи қонли тўқнашувлар тарзида кечди. Бироқ мустақилликдан сўнг йигирма беш йиллар ўтгач, бу ерда ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий ҳаёт ўзгарди. Мулоҳазаларимизни Бжезинскийга таққосан айтадиган бўлсак, минтақага Шавкат Мирзиёев олиб кирган сиёсий иқлим унинг қарашларига таҳрир киритди.
Мен шу ўринда ўз мазмун-моҳиятига кўра жуда таъсирли бир мисолни келтирмоқчиман. Ўтган йили “Кабар” агентлигига берган интервьюларидан бирида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Кампиробод” сув омбори масаласи атрофидаги баъзи бузғунчи кучлар, нотўғри ва одамларни чалғитувчи фикрларга қарши ўз позициясини қатъий билдириб, жумладан, шундай деган эди:
“... Энди энг асосий масалага тўхталсам. Ўзбек томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга оқаётган сувни қай усулда олишининг бизга фарқи борми? Қувур орқалими, ариқ ёки ҳаводанми – аҳамияти йўқ. Муҳими, ҳар бир ҳаракат ўзаро келишиб олиниши керак. Бундан буён қирғиз – ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади. Дўстлик ришталаримизни Худодан бошқа ҳеч ким уза олмайди. Шу боис ҳам Яратган Эгамдан ҳамиша тинч яшашимизни сўрашимиз керак”.
Қўшни мамалакатларўртасидаги сиёсий-иқтисодий муносабатларни кузатиб бораётган эксперту таҳлилчилар, сиёсатчилар жуда яхши билишадики, Қирғизистон билан айнан сув ва чегара муаммосида деярли 25 йиллик ихтилофимиз бор ва у ечилмай келаётганди. Бугун бу муаммоларнинг барчаси ҳал этилди. Бундан ҳам қувонарлиси, сиёсат ўзгарди, қарашларимиз уйғунлашди.
Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро яқинлашув тенденциясининг кучайганлиги ҳақидаги фикримни мустаҳкамлаш учун мен яна бир кичик иқтибос келтирмоқчиман. Бу – Қозоғистон раҳбари Қосим-ЖомартТоқаевга тегишли. 2024 йил 16 май куни ўз мамлакатида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгаши котибларининг биринчи йиғилишида у шундай деди:
“Ҳамкорлик ва ўзаро ишончни ривожлантириш йўлида вазият тубдан ўзгарганини мамнуният билан қайд этамиз. Тўлиқ масъулият билан айта оламан: том маънода 10 йил аввал Марказий Осиё минтақасида бундай ҳолат йўқ эди. Ҳозир давлат раҳбарлари, ҳукумат раҳбарлари, хавфсизлик кенгашлари котиблари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари у ёқда турсин, хўжалик бошқармаларига раҳбарлик қилаётган инсонлар бир-бири билан чамбарчас алоқада. Бу эса Марказий Осиё минтақасидаги вазият барқарор ривожланиш сари интилаётганидан жуда яхши далолатдир”.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда минтақадаги ўзгаришларни нафақат халқларимиз ёки сиёсий элитамиз, балки ташқарида турганлар, сиёсатчию таҳлилчилар ҳам сезишмоқда, эътироф этишмоқда. Жумладан, АҚШнинг Питтсбург университетидаги Бошқарув ва бозорлар маркази директори Женнифер Брик Муртазашвили ўтган йили хорижий ОАВларга берган бир интервьюсида шундай деган эди: “... Марказий Осиёни борича кўриш вақти келди. Бу энди постсовет ҳудуди эмас. У Евроосиё. Мен Марказий Осиёга постсовет призмаси орқали қараб келинган деб ўйлайман, унга Евроосиё суперконтинентининг юраги сифатида қаралмади...”.
Унинг узоқ вақтдан бери Марказий Осиёни ўрганиб келаётган мутахассис эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, иддаоси бирмунча асосли ва салмоқли эканлиги ойдинлашади. Аммо Қирғизистон ва Қозоғистон раҳбарлари ҳам, АҚШлик олима ҳам бирдек қувониб эътироф этаётган бу улкан ўзгаришлар қандай содир бўлди, ниманинг ҳисобига бундай натижаларга эришилди? Гарчи, кўпинча очиқ айтилмаётган бўлса-да, айни ҳаракатлар ортида ким турганини дунё ҳам, минтақа халқлари ҳам жуда яхши тушунади. Англаб турганингиздек, бу жараёнлар Шавкат Мирзиёев шахсияти ва сиёсий иродаси билан боғлиқ.
Шу ўринда гап минг йиллардан буён қўни-қўшни бўлиб яшаб келган халқларимиз ҳақида кетар экан, бир жиҳатни очиқ тан олиш керак: давлатимиз раҳбари сиёсати туфайли бугун қўшни давлатлар ўртасида юзага келган илиқ муносабатлар халқларимиз ҳаётида, кайфиятида ҳам ўзгачалик касб эта бошлади. Масалан, яқинда мамлакатимиз футболчилари Париж олимпиадасига йўлланмани қўлга киритганда ижтимоий тармоқлар спортчи ёшларимиз номига йўлланган ҳамду саною, ширин тилакларга тўлиб кетди. Омад тилаганлар орасида минглаб қозоғистонлик, тожикистонлик, туркманистонлик ва қирғизистонлик қўшниларимизнинг борлиги мени хурсанд қилди, очиғи. Чунки улардаги самимият давлатларимиз ва одамларимиз ўртасидаги муносабатлар чин маънода мустаҳкамланаётганини намоён этиб турарди.
Дарҳақиқат, самимият самимийликка чорлайди, деган гап айни ҳақиқатдир. Бундан атиги ўн йиллар олдин бир-бирига беписандлик билан қарайдиган халқларимиз қўшнисининг, биродарининг ғалабасидан хурсанд бўлаётган экан, буни ижтимоий мутахассислар тилида айтганда, беқарор этник контекстдаги тарихий ислоҳот, дейиш мумкин бўлади. Зотан, бугундан кўп ҳам нари бўлмаган замонларда ҳам ўзаро камситиш, шаънини ерга уриш, кимўзарга қасдлашиш маълум маънода ҳаёт тарзимиз эди...
IX
Табиийки, битта мақолада Ўзбекистон раҳбарининг мамлакат, минтақа ва ташқи сиёсатда олиб борган сиёсатини тўлиқ қамрашнинг имкони йўқ. Шу боис мен мазкур ислоҳотлар, тарихий янгиланишларнинг баъзиларигагина мухтасар тўхталдим. Ва англадимки, шу жараённинг ўзи ҳам Миллатимиз Лидерининг ёрқин сиймоси – сиёсий портретини аниқ тасаввур қилишга имкон беради.
Мақолани Президентимизнинг сўзларидан олинган иқтибос билан бошлаган эдик. Албатта, бунинг сабаби бор эди. Давлатимиз раҳбари ўша учрашувда, менинг назаримда, халққа юрагини очди. Юрагидаги орзу-армонлари, дилининг туб-тубидаги ниятларини эл билан баҳам кўрди. Қалбдан отилиб чиққан бу ёниқ сўзлар Президентимизнинг ўз халқи олдида берган ҳисобидек эди.
Айни оташин нутқ қалбларимизда акс-садо бергани бор гап. Зотан, умрини халқ учун тиккан Миллат Лидерининг қатъияти, Ватанга ва Миллатга бўлган сўнмас муҳаббати, мен ишонаманки, Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажагини яратиш йўлида барчамиз учун илҳом сарчашмаси бўлиб хизмат қилажак”.
Қудратилла Рафиқов,
сиёсатшунос