Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар билан халқаро транспорт алоқалари жадал ривожланиб бормоқда
Транспорт ва коммуникация соҳасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш иқтисодий алоқаларнинг янада тараққий этиши ва Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳамда минтақаларнинг умумий ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда 2021 йил 12 ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг 8-саммитидаги нутқида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратган эди.
Давлат раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, туркий халқлар яшаб келган минтақалар минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида транспорт ва савдо кўприги вазифасини бажарган.
Бугун дунёда кузатилаётган вазият транспорт-коммуникациялари соҳасини ривожлантириш ва ташқи савдо юклари ташилувчи маршрутларни диверсификация қилишда умумий ёндашувларни талаб этмоқда. Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда муқобил транспорт йўналишларини ривожлантириш, ТДТга аъзо мамлакатлар ва минтақа давлатлари билан ҳамкорликда халқаро юк ташувлари жараёнларини янада енгиллаштириш, рақамли технологияларни соҳада жорий қилиш ва минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бунинг натижасида ҳозирги кунда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилда Ўзбекистон Республикасининг ТДТга аъзо мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси 10 миллиард долларни ташкил этди. Шундан экспорт ҳажми 3,6 миллиард долларни, импорт ҳажми 6,4 миллиард долларни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан 2023 йил экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 15,5 млн. тн ташкил этган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг умумий халқаро юк ташиш ҳажмидаги 24 % улуши ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, ТДТ доирасида Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкори Қозоғистон бўлиб, умумий юк ташувлардаги улуши 72 % (11,2 млн. тн) ташкил этади. Иккинчи асосий улуш Қирғизстон давлатига тўғри келиб 3,3 млн. тн (21 %) ташкил этди. Озарбайжон билан ташишлар 69,5 минг. тн, Туркия давлати билан эса 937,8 минг. тн етди.
Ўзбекистоннинг Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар билан ўзаро товар айланмаси 2023 йил давомида $ 8,7 млрд ташкил этди, жумладан, экспорт айланмаси $ 3,4 млрд, импорт айланмаси $ 5,3 млрд.
Туркия ва Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторида, Озарбайжон ва минтақа давлатлари билан эркин савдо режими, Туркия ва Венгрия билан эса энг кўп қулайлик режими мавжуд.
ТДТ доирасида транспорт соҳасида эришилган энг йирик келишувлар 2022-йил 11-ноябрь куни ТДТ 9-саммитида имзоланган “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида халқаро қўшма юк ташиш тўғрисидаги Битим” ва “Транспорт алоқалари дастури” ҳисобланади.
Маълумот учун: Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида халқаро қўшма юк ташиш тўғрисидаги Битим давлатлар ҳудудларини боғловчи темир йўл линияларида, шу жумладан “RO-LA” халқаро контейнер блокли поездларида уланиш ва транзит хизматларини таъминлаш чора-тадбирларини назарда тутади (темир йўл платформаларида автомобил транспорти объектларини пиггйбаcк ташиш), "RO-RO" (кемада автотранспорт воситаларини ташиш). Бундан ташқари, ўз давлатлари ҳудудига кирувчи поездлар учун божхона тартиб-таомилларини тезлаштириш мақсадида дастлабки маълумотлар алмашинуви кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбари Транс-Каспий халқаро Яқин Шарқ-Ғарб йўлаги ва иштирокчи давлатлар ўртасидаги транспорт ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва иштирокчи давлатларни Туркия ва Ўзбекистон ўртасида йўлга қўйилган e-Permit электрон рухсатнома тизимига қўшилишга чақирди ва, ҳозирги кунда, ушбу йўналишда интеграцияни йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа трансконтинентал йўналишлар туркий давлатлар орқали ўтади, шунинг учун уларнинг бирлашуви ва интеграциялашуви нафақат транзит юк ташиш ҳажмининг ошишига, балки Евросиё қитъасининг барча мамлакатлари ривожланишига фаол ҳисса қўшади.
Ташкилотнинг таъсир доирасидаги 4 миллион квадрат километрдан ортиқ майдонда қарийб 200 миллион аҳолини қамраб олувчи макон – бу катта бозордир. Қолаверса, Марказий Осиё минтақасидаги туркий тилли давлатларда ишлаб чиқарилган турли товарларнинг Европа бозорларига экспортини ташкил этишда Озарбайжон ва Туркия Республикаси транспорт йўлаклари жуда самарали.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2021 йилги Саммити доирасида давлат раҳбарлари бир овоздан мавжуд ва истиқболли минтақавий транспорт йўлакларидан аъзо давлатларнинг умумий манфаатлари йўлида фойдаланиш ва уларни Транскаспий халқаро транспорт коридорига "Шарқ-Ғарб" йўналишида интеграция қилиш тарафдори эканликларини маълум қилишганди.
Транскаспий халқаро транспорт коридорини "Шарқ-Ғарб" йўналишида ривожлантиришнинг қўшма мақсади "Туркий дунё нигоҳи-2040" стратегик ҳужжатида ўз ифодасини топди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Каспий денгизи орқали ўтувчи "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий денгизи – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа", "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Каспий денгизи – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа" йўналишларидан фаол фойдаланмоқда. Қолаверса, ТДТ ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия томонлари иштирокида Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Зеро, Президентнинг 2021 йил март ойида бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитидаги нутқида таъкидланганидек, Марказий Осиё орқали асосий жаҳон бозорларига, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа Осиё мамлакатларига, шунингдек, Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорларига чиқишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, Ҳиндистон, Покистон ва Хитой қуруқликдаги транспорт артерияларига киришга узоқ вақтдан бери қизиқиш билдирмоқда. Бугунги кунда Ҳиндистон, Покистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги товар савдосининг 97 фоизи денгиз орқали амалга оширилмоқда.
Бу, ўз навбатида, туркий давлатларни жозибали ва қулай транзит чорраҳаси сифатида кўриб чиқиш учун зарур шарт-шароит яратади, бу эса йўналиш масофаларининг сезиларли даражада қисқаришига ёрдам беради.
Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида қурилиши режалаштирилган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси тўғрисидаги Битим имзолангани бу борадаги муваффақиятли ишларнинг ёрқин мисолларидан биридир.
Таъкидлаш жоизки, Хитойнинг Туркия, Эрон, Туркманистон, Афғонистон, Покистон каби давлатлар билан юк ташиш ҳажми қарийб 50 миллион тоннани ташкил этди, юк ташишнинг асосий қисми денгиз транспорти орқали амалга оширилди.
Ҳозирги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, тахминан 10 миллион тонна ҳажмдаги юкнинг бир қисмини “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” йўналишига жалб қилиш мумкин ва йўналиш бўйлаб юк ташиш барқарор ташкил этилган тақдирда 2040 йилгача юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошиши мумкин.
Бундан ташқари, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркия темир йўл маъмуриятлари билан “Осиё-Тинч океани минтақаси – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия” (CASCA+) транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича доимий ҳамкорлик ўрнатилган, бундан ташқари, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўл маъмуриятлари ўртасида қўшма корхона ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Юқорида таъкидланган йўналишларда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, хусусан, ташиш жараёнидаги юк расмийлаштирувини электрон тизимга ўтказиш ва соддалаштириш, ягона юк ташиш шартларини яратиш мақсадида 2012 йилдан буён Ўзбекистонда Ҳалқаро йўллардаги ташувлар (ҲЙТ) тизимини рақамлаштириш бўйича тизимли, босқичма-босқич ишлар олиб борилмоқда.
Бу Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда TIR-EPD, Real-Time SafeTIR, AskTIRweb технологияларини жорий этган биринчи давлат бўлишига ва дунёда биринчилардан бўлиб ҲЙТ тизими доирасида электрон кафолат технологиясини синовдан ўтказишни бошлаганига олиб келди.
2020-йилнинг 17-ноябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида электрон кафолатлар (е-TIR) қўлланилган биринчи автомобиль транспортида синов ташувлар амалга оширилди.
Кейинчалик, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида, 2022-йил март ойида эса Қирғизистон Республикаси билан шу каби юк ташувлар синовдан ўтказилди.
2022-йил декабрь ойида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҲЙТ тўғрисидаги конвенциянинг 11-иловасига тўлиқ мувофиқ равишда е-TIR тизимидан фойдаланган ҳолда дунёда биринчи ташиш амалга оширилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон илғор электрон ҲЙТ воситаларини тўлиқ ва тезкор жорий этишга ва улар асосида мунтазам ишлашга ўтишга тўлиқ тайёрлигини тасдиқлади.
2021 йилнинг март ойида бўлиб ўтган ТДТ ҳамкорлик кенгашининг норасмий саммити доирасида эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги ўртасида рухсатнома бланкаларини электрон алмашиш лойиҳасини ишга тушириш бўйича ишлар бошланди (e-Permit).
Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан таклифлари
2019-йилнинг 14-15-октабр кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ 7-саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев аъзо давлатларнинг тегишли муассаса/ташкилотларини Актау, Туркманбоши Алят, Самсун ва Мерсин портларининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқишни, транзит ва логистика марказларини қуришда, шунингдек, ташқи савдо товарларини ташишда Туркий кенгашга аъзо давлатлар учун ўзаро манфаатли чегирмалар ва имтиёзлардан фойдаланишни таклиф қилди.
2021-йил 12-ноябрь куни бўлиб ўтган ТДТ 8-саммити Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг ТДТ транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билан эсда қолди, бу эса минтақалараро мультимодал йўлакларни ривожлантириш бўйича амалий ечимларни топишга имкон беради.
Бундан ташқари, барча давлат раҳбарлари “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида соддалаштирилган божхона йўлаги яратиш тўғрисида”ги Баённомани имзолашни қўллаб-қувватладилар.
Шу жумладан, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркия темир йўл маъмуриятлари билан “Осиё-Тинч океани минтақаси – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия” (CASCA+) транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича доимий ҳамкорлик ўрнатилган ва ушбу Битимга бошқа давлатларни қўшиш ишлари олиб борилмоқда.
Юқорида таъкидланган ишларни жадаллаштириш ва юзага келаётган муаммоларга тез ва самарали ечим топиш, қолаверса, Хитой, Осиё-Тинч океани мамлакатлари, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё темир йўлларини Марказий Осиё, Кавказ ва Европа Иттифоқи давлатлари билан интеграция қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Остонада бўлиб ўтган ТДТниг 10-саммитида халқаро темир йўл кенгашини ташкил этиш ва дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қилди.
Кенгаш мустақил халқаро орган сифатида Евроосиё транспорт ҳамжамиятини бирлаштириб, кўплаб транспорт-логистика вазифаларини амалга ошириш имкониятини бериши мумкин. Хусусан:
- зарур ҳужжатларни тайёрлашни соддалаштириш;
- рақамли транспорт ҳужжатлари учун ягона стандартларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
- минтақавий транспорт тизимларини диверсификация қилиш ва коридорларни ривожлантиришда мултипликатив эффект яратиш;
- транзит йўлакларида жойлашган иштирокчи-мамлакатларнинг транспорт хизматлари экспортидан тушадиган даромадларни ошириш.
Бундан ташқари, ТДТ доирасида e-Tir ва e-Permit тизимига барча давлатлар қўшилиши, юк ташиш жараёнини осонлаштиришга ва транспорт харажатлари қисқаришига олиб келади.
Қолаверса, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўл маъмуриятлари ўртасида қўшма корхона ташкил этиш икки давлат ўртасида юк ташиш ҳажмлари ортиши ва давлатлар ҳудудидан ўтувчи юкларни тез ва қулай шароитларда ташиш имкониятини яратади.