Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Тошкентда икки томонлама ҳамкорликнинг кун тартиби ва 2025 йилга мўлжалланган режаларни муҳокама қилдилар
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Бугун Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов жанобларини Ташқи ишлар вазирлигида кутиб олишдан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram каналида. – Икки қардош халқларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш кун тартибимиздаги энг устувор йўналишдир. Ўзбекистон–Туркманистон Раҳбарлари икки томонлама муносабатларимизнинг ижобий йўналишининг доимийлигини таъминлашда мустаҳкам ва узоқ муддатли пойдевор яратдилар. Бугунги муҳокамаларда ҳамкорлигимизнинг ҳеч бир жиҳатини эътибордан четда қолдирмаган ҳолда барча йўналишларни қамраб олдик. 2025 йил кун тартибимиз барча даражалар ва соҳаларда режалаштирилган қатор интенсив алмашинувларга бой. Дўстларимизни Туркманистон ташаббуси билан қабул қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йилининг бошланиши билан табриклаймиз".
"Дунё АА" олган сурат