Ашхбодда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маданий меросига бағишланган маърифий кеча бўлиб ўтди

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Довлетмаммет Азади номидаги Туркманистон миллий жаҳон тиллари институтида буюк аждодларимиз Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий кеча ўтказилди.
Унда Туркманистоннинг илмий ва ижодий зиёлилари, жумладан, Туркманистон миллий жаҳон тиллари институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари, тарихчилар, санъатшунос ва адабиётшунослар иштирок этди.
Ашхободдаги дипломатик миссиялар раҳбарлари ва вакилларининг тадбирда иштироки Ўзбекистон маданий меросига бўлган халқаро қизиқишини яна бир карра тасдиқлади.
Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов тадбир аввалидаги нутқида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номлари ва адабий мероси бутун дунё адабиёти ҳамда маданияти тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилганини қайд этди. Уларнинг ижоди беш асрдан зиёд вақт давомида халқларни руҳлантириб, инсонларни бирлаштириш ва яратувчилик ишларига илҳомлантиришга қодир бўлган сўз кучини эслатиб туриши таъкидланди.
Туркманистон миллий жаҳон тиллар институти ректори Мақсат Чариев ўз навбатида, Навоий ва Бобур ижоди туркман ва ўзбек халқлари ўртасидаги маънавий кўприк эканлигини, ушбу ижодий мерос бутун авлодларни донишмандлик, гўзаллик ва ўзаро тушунишга илҳомлантиришини билдирди. Шунингдек, у Марказий Осиё халқларини бирлаштирувчи умумий маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилишга эътибор қаратди.
Институт профессорлари ўз маърузаларида Навоий ва Бобур ижодининг дунё адабиёти ва фалсафаси ривожидаги ўрнига урғу бердилар.
Кечанинг маданий қисмида институт талабалари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари асосида саҳналаштирилган спектаклни намойиш этдилар. Шунингдек, Навоий ва Бобур қаламига мансуб шеърлар ҳамда уларнинг ғазаллари асосида басталанган қўшиқлар ижро этилди.
Адабий кеча давомида институт талабалари ўртасида бўлиб ўтган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида эссе ёзиш танлови натижалари эълон қилинди. Мазкур танлов Ўзбекистон элчихонаси томонидан буюк шоирлар ва фалсафалар меросини ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Танловда 100 дан ортиқ талабалар иштирок этди. Уларнинг ишлари мавзуни чуқур ёритиш, фикрлаш ва талқин этиш маҳоратига кўра баҳоланди. Ғолибларга Ўзбекистон элчихонасининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган кеча Ашхобод маданий ҳаётида ёрқин воқеа бўлиб, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Иштирокчилар бундай кечалар маданий ўзаро бойитиш ва ёш авлодни дўстлик ва миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилишини билдириб, мазкур анъанани давом эттиришнинг муҳимлигини таъкидладилар.