Ўзбекистон-Покистон: барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 25-26 февраль кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигининг яқин тарихига тўхталадиган бўлсак, 1991 йил 20 декабрда Покистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини, мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 майда ўрнатилганини таъкидлаш керак.
Ўшандан бери Ўзбекистон ва Покистон ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаатларга асосланган фаол сиёсий мулоқотни давом эттириб келмоқда. Сўнгги йилларда олий даражадаги алоқалар фаоллашди, бунинг натижасида томонлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Хусусан, 2021 йил 15-16 июль кунлари Ўзбекистонга олий даражадаги расмий ташриф якунлари бўйича Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларация, ҳамда ҳамкорликнинг ҳам анъанавий, ҳам янги йўналишларини қамраб олган салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 3-4 март кунлари расмий ташриф билан Покистонда бўлди. Ташриф давомида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Покистон ўртасида Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисида Қўшма декларацияни имзоладилар. Мазкур ташриф ва унинг доирасида бўлиб ўтган бизнес-форум икки томонлама муносабатларни ривожлантириш динамикасига, 10 га яқин ҳужжат имзоланиб, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришга, шунингдек, қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришишга кучли туртки бўлди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар жадаллик касб этиб, қўшма ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда, 2022 йилда 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакатимизга ташриф буюрганини таъкидлаш жоиз. Ташриф доирасида Покистон раҳбарини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Учрашувда давлат етакчилари икки томонлама ҳамкорликнинг барча масалаларини, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-транзит соҳаларини кўриб чиқдилар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташкилотлар саммитларида Покистон раҳбарлари билан ўтказган учрашувлари нафақат илгари эришилган келишувларга содиқликни мустаҳкамлади, балки Ўзбекистон–Покистон стратегик шериклигининг барқарорлиги ва узоқ муддатли характерига эътибор қаратилаётганидан далолатдир.
Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Парламент дипломатияси доирасида икки мамлакат вакиллик органларида дўстлик гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, улар савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик ташаббусларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Парламентлараро ҳамкорлик учрашувлар, ўзаро ташрифлар, халқаро тадбирларда иштирок этиш орқали мустаҳкамланяпти.
Ўзбекистон ва Покистон вазирлик ва идоралари ўртасидаги конструктив муносабатлар, олий даражада эришилган стратегик аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни тезкорлик билан амалга ошириш имконини беряпти.
Хусусан, сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлаш учун икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари 2025 йил февраль ойида Тошкент шаҳрида саккизинчи раунди бўлиб ўтган икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар, шунингдек, йирик халқаро тадбирлар доирасидаги мулоқот механизмларидан самарали фойдаланмоқда.
Маданият, таълим, бизнес, транспорт ва логистика, ҳуқуқ-тартибот, терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш ва бошқа соҳаларда ҳам самарали идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилгани эътиборлидир.
Ўзбекистон ва Покистон ўз минтақаларида муҳим иштирокчилар бўлиб, салмоқли ресурс ва инсон салоҳиятига эга. Мамлакатларимиз ушбу салоҳиятдан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришда фаол фойдаланмоқда.
Пандемияга қарамай, ушбу соҳадаги ўзаро шерикликни ривожлантиришда барқарор динамика кузатилди. Хусусан, 2021 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 50 фоизга ошди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион долларга етди ва икки давлат раҳбарлари томонидан яқин келажакда бу кўрсаткични 500 миллион долларга, истиқболда эса 1 миллиард долларга етказиш бўйича белгиланган мақсадларга яқинлашди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил март ойида Покистонга бўлиб ўтган расмий ташрифи чоғида имзоланган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим божхона тўсиқларини камайтириш ва икки томонлама товар айирбошлашни рағбатлантиришда муҳим қадам бўлди.
Ҳудудлараро миқёсда ишбилармон доиралар вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот ҳам фаол ривожланаётир. Бу тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва ахборот технологиялари каби йўналишларда қўшма корхоналар ташкил этилишига хизмат қиляпти. Бугунги кунда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 130 қўшма корхона бор. Покистоннинг “Novugen Pharma”, “UP-Match”, “Pak-Merit Bleaching”, “Diamond Group каби йирик компаниялари билан ҳамкорликда республикамиз ҳудудларида, хусусан Сирдарё, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги сўнгги пайтларда кузатилаётган фаол мулоқот иқтисодий шериклик ва ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик юқори эканидан далолат беради.
Хусусан, сўнгги икки йилда Ўзбекистон ва Покистонда ўнга яқин икки томонлама бизнес-форумлар, В2В, G2D учрашувлари, саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмалари ва бошқа қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратилган иқтисодий тадбирлар ўтказилди.
Ана шундай тадбирлардан бири – 2024 йил июнь ойида Тошкентда Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида “Made in Pakistan” кўргазмаси ва транспорт-логистика форуми ўтказилди. Кўргазмада Покистоннинг тўқимачилик, кимё, фармацевтика, тиббиёт, маиший ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 110 дан ортиқ етакчи компанияси ўз маҳсулотларини намойиш этди. Бизнес-форум якунлари бўйича қарийб 180 миллион долларлик савдо-инвестиция шартномалари имзоланди. Транспорт-логистика форуми доирасида ҳудудларимиз ва мамлакатларимиз ўртасида транспорт ва юк айланмаларини фаоллаштириш, ташқи савдо операциялари бўйича хизматлар кўрсатувчи компаниялар учун чегара-ўтказиш пунктларида “яшил йўлаклар” яратиш, шунингдек, божхона расмийлаштируви жараёнларини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
2024 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг доирасида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми, шунингдек, G2B ва B2B форматларида учрашувлар уюштирилди.
Бундан ташқари, ўтган йили ноябрь ойи охирида Покистоннинг Лаҳор шаҳрида тўқимачилик саноати, чарм ва жунни қайта ишлаш, фармацевтика, ахборот технологиялари, маиший техника, озиқ-овқат, қоғоз саноати ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 60 дан ортиқ тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Тадбир давомида Ўзбекистоннинг “Artel” ва “Imzo” компаниялари вакиллари ўз маҳсулотлари ва сармоявий таклифлари тақдимотини ўтказдилар. Покистонлик шериклар билан маиший техника ишлаб чиқариш ва учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича келишувга эришилди.
Жорий йил аввалида ҳам икки томонлама иқтисодий муносабатларни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган бир қатор тадбирлар ўтказилгани билан ёдда қолди. Хусусан, жорий февраль ойида Покистоннинг Лаҳор шаҳрида “Made in Uzbekistan” миллий саноат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги раҳбарияти бошчилигидаги 150 дан ортиқ тадбиркорлардан иборат мамлакатимиз делегацияси ҳамда Покистоннинг 50 дан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Қувонарлиси, уч кун давом этган кўргазмада 80 мингдан ортиқ киши келиб, Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ва ҳамкорлик имкониятлари билан танишди. Тадбир давомида 500 дан ортиқ В2В учрашувлари ташкил этилиб, уларда янги савдо шартномаларини тузиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу кўргазма якунлари бўйича, умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган 181 шартнома имзоланди. Шундан 263 миллион АҚШ доллари экспорт савдо шартномалари, 236 миллион доллари эса импорт битимлари ҳисобига тўғри келади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ривожига таъсир этувчи асосий омиллардан яна бири – бу транспорт йўналишидир. Шу боис Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам транспорт-логистика соҳасидаги алоқаларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратяпти.
Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар муносабатлар Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги мустаҳкам тарихий алоқалар, Буюк ипак йўлининг умумий маданий анъаналари, ислом цивилизацияси, тарихий шахслар – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар сулоласи вакиллари мероси асосида ривожланиб келмоқда.
Бугунги кунда ўзбек заминида вояга етган, буюк салтанат, жумладан, замонавий Покистон ҳудудини барпо этган Бобур ҳаётига бағишланган бадиий фильмни суратга олиш бўйича ижодий ҳамкорликка пойдевор қўйилмоқда.
Мамлакатимизда 1991 йилдан буён маданий-илмий тадбирлар, фан ва маданият арбоблари делегациялари алмашинувини мунтазам ташкил этувчи “Ўзбекистон–Покистон” дўстлик жамияти фаолият кўрсатяпти.
Тошкент давлат шарқшунослик университетида қарийб 75 йилдан буён урду тили, адабиёти ва Покистон тарихи бўйича курслар ўқитилиб келинаётгани икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этяпти.
Покистонда ҳам ўзбек тили ва тарихини ўрганиш бўлган талаб кескин ошди, ушбу жабҳада лойиҳалар жадал амалга ошириляпти. Қўшма маданий тадбирлар, фестиваллар, кўргазма ва форумлар ўтказиш мунтазамлик касб этганини таъкидлаш керак.
2021 йил февраль ойида Панжоб университетида халқимизнинг буюк аждоди ҳаёти ва меросини ўрганиш мақсадида Бобур мероси маркази очилди. Пешовар университетида эса Алишер Навоий номидаги марказ ташкил этилган. Марказ Покистонда ўзбек маданиятини янада оммалаштиришга яқиндан кўмаклашяпти.
Икки мамлакат шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг йўлга қўйилиши натижасида сайёҳлар алмашинуви фаоллашди. Покистонда Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари ва тарихий обидаларига бўлган қизиқиш жуда юқори. Хусуан, 2019 йил март ойида Исломободда Ўзбекистон Туризм ахборот маркази очилган бўлса, 2020 йилда Покистондаги Нақшбандия тариқати етакчиси шайх Муҳаммад Хассан Хасиб ур-Раҳмон Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги зиёрат туризми бўйича элчиси этиб тайинланди.
Маданиятлараро мулоқот икки халқнинг бой тарихи ва меросига бўлган юксак ҳурмат ҳамда қизиқишдан далолат беради.
Шунингдек, Исломободдаги Лок Вирса амалий санъат музейида 2022 йилда Ўзбекистон маданияти ва тарихига бағишланган доимий кўргазма очилди.
Мамлакатларимизда ўтказилаётган халқаро тадбирлар – кўргазмалар, сайёҳлик ярмаркалари, семинарлар, анжуманлар, маданият ва кино кунларида иштирок этаётган маданият делегациялари алмашинуви жадал тус олди.
Покистонлик санъат усталари Ўзбекистонда ўтказилаётган “Шарқ тароналари”, мақом санъати ва бахшичилик санъати каби халқаро фестивалларда мунтазам равишда иштирок этяпти.
2024 йилда Покистон делегацияси “Шаҳрисабз шаҳри Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг туристик пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан ташкил этилган халқаро тадбирларда қатнашди.
Ўз навбатида, 2024 йил 22-24 апрель кунлари Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “Баҳор фестивали”да “Ўзбекистон” миллий павильони ташкил этилди. Уч кун давом этган фестивалда унинг меҳмонлари мамлакатимизнинг бой тарихий, маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишди.
Ишонч билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон-Покистон муносабатлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган ҳолда жадал тараққий этиб бормоқда. Айниқса, минтақавий хавфсизлик ва транспорт-логистика соҳасидаги шериклик масалаларида стратегик манфаатларнинг мос келиши бу муносабатларни истиқболли ва янада манфаатли қилади. Шу нуқтаи назардан, Покистон Бош вазирининг мамлакатимизга бўлажак ташрифи сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамлаш ҳамда савдо, транспорт, энергетика ва хавфсизлик каби муҳим соҳаларда шериклик алоқаларини кенгайтиришда муҳим босқич бўлади. Бу нафақат Ўзбекистон ва Покистоннинг стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истагини тасдиқлайди, балки бутун минтақа барқарорлиги ва ривожланишига ҳисса қўшган ҳолда узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли шерикликнинг янги истиқболларини очиб беради.
“Дунё” АА