Harvard Growth Lab: 5 йил ичида Ўзбекистон иқтисодий мураккаблик рейтингида 25 поғонага кўтарилди

Гарвард университетининг Тараққиёт лабораторияси Иқтисодий мураккаблик индекси (ECI) натижаларини нашр қилди, унда экспортнинг технологик мураккаблиги ва экспортни диверсификация қилиш асосида мамлакатлар рейтинги тузилган.
Жорий йилнинг апрель ойида Harvard Growth Lab (Гарвард университетининг фанлараро лойиҳаси) таҳлилчилари 2023 йилги маълумотларни қўшиб, Иқтисодий мураккаблик атласини янгиладилар ва 145 та жаҳон иқтисодиётини ўз ичига олган Иқтисодий мураккаблик индексининг қиймати бўйича мамлакатларнинг рейтингини тақдим этдилар.
Ўзбекистон сўнгги 5 йил ичида 25 поғона юқорилаб, 145 та мамлакат орасида 80-ўринни эгаллаб, Иқтисодий мураккаблик рейтингида ўз мавқеини сезиларли даражада яхшилади.
Ўзбекистон рейтингда 80 – ўринни, Туркия 44 – ўринни, Ветнам 53 - ўринни, Қозоғистон 84 - ўринни (6 ўрин пасайиш), РФ 94 - ўринни (5 позиция йўқотиш), Тожикистон 124 - ўринни (5 позицияга кўтарилиш), Туркманистон 126-ўринни (12 позицияга ёмонлашиш) эгаллади. ТОП-3 мамлакат қаторига қуйидагилар киради: 1-Швейцария, 2 – Япония, 3 – Сингапур.
Мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишни кўрсатмоқда, экспорт йилига ўртача 20,5%га ўсди, бу минтақадаги мамлакатларининг бошқа мамлакатларидаги ўсиш суръатларидан анча юқори. Шу билан бирга, хомашё ресурсларидан ташқари тайёр маҳсулотлар экспорт йилига 21,9 фоизга ўсди ва жаҳон бўйича ўртача ўсишдан юқори бўлди.
5 йил давомида экспорт ўсишига ўрта қайта ишланган саноат товарлари катта ҳисса қўшди Ишлаб чиқариш янада мураккаброқ бўлган маҳсулотлар ичида энг юқори ўсиш суръатлари транспорт (89%), саноат ускуналари (77%), электротехника (59%) бўйича қайд этилди.
Ўзбекистон экспорт портфелига 67 та янги маҳсулот қўшди, бу 2,1 миллиард доллар даромад келтирди ҳамда диверсификация ва рақобатбардошликни ошириш бўйича муваффақиятли стратегияни тасдиқлади. Ушбу маҳсулотлар 2023 йилда аҳоли жон бошига 59 доллар даромад келтирди.
Harvard Growth Lab ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон жаҳон бозорида рақобатбардош устунликка эришган 162 турдаги маҳсулотларга эга бўлиб, бу унинг жаҳон иқтисодиётдаги салоҳиятини намоён этади.
2033 йилгача иқтисодий ўсиш прогнозлари
2033 йилгача Ўзбекистон иқтисодиётининг йиллик ўртача ўсиши 5,6%ни ташкил этиши кутилмоқда, бу эса дунёда иккинчи юқори кўрсаткичдир.
Яқин ўн йилликларда Ветнамда йиллик ўсиш кўрсаткичлари 4,8%, Тожикистонда – 4%, Қирғизстонда – 3,9%, Грузияда – 3,6%, Қозоғистонда – 3,6%, Арманистонда – 3,3%, Бангладешда – 3%, Туркманистонда – 2,7%, Беларусда – 2,4%, Озарбайжонда – 2,2%, Россияда – 1,1%ни ташкил этади.
Ўзбекистон иқтисодиётни таркибий ўзгартириш бўйича ишларни давом эттирмоқда, ресурсларни қишлоқ хўжалиги каби кам унимдор тармоқлардан ресурсларни электроника ва машинасозлик каби янада самаралироқ тармоқларга йўналтирмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими