Ўзбекистон-Италия: барқарор ривожланишга қаратилган узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик

Италия Бош вазири Жоржа Мелони 28-29 май кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Ушбу ташриф 1992 йил март ойида бошланган Ўзбекистон-Италия муносабатларининг замонавий тарихида муҳим босқич бўлади. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилиши биланоқ Тошкентда Италия элчихонаси, 1998 йилда эса Римда Ўзбекистон ваколатхонаси очилди.
2021 ва 2023 йиллардан буён Флоренция ва Миланда Ўзбекистоннинг фахрий консуллиги институтлари фаолият кўрсатмоқда. Бу институтлар эса халқ ва иқтисодий дипломатияни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 8-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Италияда бўлди. Ташриф якунлари бўйича икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларация қабул қилинди.
Ўша йилнинг 9-11 ноябрь кунлари Италия Президенти Сержо Маттарелла расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
Сиёсий мулоқот фаол қўллаб-қувватланмоқда ва юқори даражада давом эттирилмоқда. 2019 йилнинг декабрь ва 2021 йил сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Италия ташқи ишлар вазирлари ўзаро ташриф алмашишди. 2024 йил май ойида эса Римда бўлиб ўтган “Италия – Марказий Осиё” учинчи вазирлар конференцияси доирасида учрашувлар ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, Рим 2019 йилда вазирлар даражасида ушбу мулоқотни ўрнатишни бошлаган биринчи Европа давлати эди.
Бундан ташқари, икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Парламентлараро ҳамкорлик ҳам изчил ривожланяпти. Хусусан, 2011 йилдан буён Италия парламенти Депутатлар палатаси ва Сенати билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида дўстлик гуруҳлари фаолият юритмоқда. 2012 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Италия парламенти Депутатлар палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 2023 йил апрель ойида Италия парламентида “Италия-Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи тузилди.
Сенатнинг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси, Италия Парламентлараро Ассамблеясининг фахрий президенти Пьер Фердинандо Касини бошчилигидаги Италия парламенти делегацияси 2025 йилнинг 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида фаол иштирок этди.
Ўзбекистон ва Италия халқаро ташкилотлар – БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи ва бошқа тузилмалар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қиляпти. Италия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни тузиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, томонлар, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган “Италия – Марказий Осиё” мулоқоти доирасида ҳам фаол ҳамкорликни йўлга қўйган.
Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий шериклик ҳам изчил ривож топмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 172,2 миллион доллардан 2024 йилда қарийб 438 миллион долларга етди. Бунга мамлакатлар ўртасида амалда бўлган энг қулай савдо режими, шунингдек, мамлакатимиз 2021 йилда бенефициарига айланган Европа Иттифоқининг “GSP+” имтиёзли тизими кўп жиҳатдан ёрдам бермоқда.
1992 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Савдо, иқтисодиёт ва саноат ҳамкорлиги ва экспорт кредитлари масалалари бўйича Ўзбекистон-Италия ҳукуматлараро ишчи гуруҳи ҳам икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва шерикликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этяпти.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил июнь ойида Италияга ташрифи муносабати билан Римда икки томоннинг 200 дан ортиқ тадбиркор ва компаниялари вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Италия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бизнес-форум якунлари бўйича жами 9,2 миллиард еврога тенг 38 та инвестициявий битим, 13 та технологик ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда 13 та экспорт шартномаси имзоланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакатга ташрифи чоғида Италиядаги йирик компания ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан ҳам учрашув ўтказди. Мулоқот Милан шаҳрида давра суҳбати форматида бўлиб ўтди.
2023 йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Италия қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат суверенитети ва ўрмон хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида ҳамда Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли ФАО шафелигида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда иштирок этди. 2024 йил октябрь ойида эса Римда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Италия қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида билан учрашди.
Ўзбекистон тадбиркорлари Италияда ўтказиб келинаётган “Tuttofood” , “Macfrut”, “Simac Tanning Tech”, “TTG Rimini” ва “Artigiano in Fiera” каби халқаро кўргазмаларда мунтазам иштирок этяпти.
Ўзбекистонда Италия инвестицияси иштирокидаги 55 та корхона, жумладан, 24 таси 100 фоиз хорижий сармоя асосида фаолият юритади. Италиянинг 9 та компанияси, шунингдек, “Италия-Ўзбекистон” Савдо-саноат палатаси ваколатхоналари Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида аккредитациядан ўтган.
Италия инвестиция ва технологиялари иштирокида мамлакатимизда газ тақсимлаш тизимларини модернизация ва реконструкция қилиш, ҳашаматли темир йўл круизларини йўлга қўйиш, Жиззах вилоятида заъфарон етиштириш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётир.
2023 йил март ойидан бошлаб Тошкент, Милан ва Рим шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани ҳам ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаяпти.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик Ўзбекистон-Италия муносабатларининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Хусусан, 1998 йил сентябрь ойида мамлакатимизда “Ўзбекистон – Италия” дўстлик жамияти ташкил этилди.
Ўзбекистонда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. 2023 йилда Бухорода Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университетининг филиали очилди. 2024 йил сентябрь ойида Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистоннинг 45 ва Италиянинг 23 та олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирокида “Ўзбекистон-Италия” биринчи ректорлар форуми муваффақиятли ўтказилди.
2025 йил 25 апрель куни Самарқанд шаҳрида икки давлат олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди ва тадбир доирасида фан ва таълим соҳасига оид 6 та ҳужжат имзоланди.
2024 йил Италияда Ўзбекистонга бағишланган кўплаб маданий тадбирлар ўтказилгани билан ёдда қолди. “Ўзбекистон: саҳродаги авангард” кўргазмаси 2024 йилнинг 15 апрелидан 30 июнига қадар Флоренцияда ва 2024 йилнинг 16 апрелидан 30 июнига қадар Венециядаги “Ка Фоскари” университетида бўлиб ўтди. Шунингдек, 4-9 декабрь кунлари Рим, Милан ва Виарежио шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.
Италия вакиллари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Эътиборлиси, Италия вакиллари бир неча бор ушбу нуфузли фестивалнинг Гран-при ва махсус совринларини қўлга киритган.
Ўз навбатида, 2018 йилда Римда бўлиб ўтган “Азиатика” XIX халқаро Осиё фильмлари кинофестивалида “Тоҳир ва Зуҳра” фильми жаҳон киноси ривожига, умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун махсус диплом билан тақдирланди.
Ўзбекистон Миллий павильони кетма-кет бешинчи йилдирки (2021 йилдан 2025 йилгача) Венецияда бўлиб ўтган Халқаро архитектура ва санъат биенналесининг италиялик ва хорижлик меҳмонлари орасида катта муваффақиятга эришяпти. Яна бир эътиборга молик янгилик, шу йил 8 май куни 19-Венеция халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистон Миллий павилони очилгани бўлди.
Икки давлат ўртасида спорт соҳасидаги алоқалар ҳам мустаҳкамланиб боряпти. Хусусан, Италияда ўзбек миллий курашига бўлган қизиқиш жуда юқори, шу боис мазкур мамлакатда Ўзбек кураши академияси ташкил этилган. 2024 йилнинг 23-24 июль кунлари Римда кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун халқаро турнир ўтказилди. Унда 17 давлатдан 33 нафар полвон ўзаро беллашди.
Ўз навбатида, Тошкентда Италиянинг “Ювентус” футбол клубининг академияси фаолият юритяпти. Шунингдек, Ўзбекистон ва Италия от спорти ҳамда велоспорт федерациялари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилган.
Шу тариқа, томонлар мулоқотни чуқурлаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва гуманитар алмашинувни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини намоён қиляптилар. Бу Ўзбекистон-Италия стратегик шериклигини конструктив ҳамкорлик намунасига айлантирмоқда.
Сўнгги сўз ўрнида айтиши жоизки, Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи икки томонлама муносабатларини янада чуқурлаштиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Ташриф, шунингдек, аввал олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим босқич бўлиши ҳамда Ўзбекистон-Италия шериклиги орқали Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги барқарор алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш ва ҳамкорликни янада кенгайтиришга янги суръат бағишлаши кутилмоқда.
“Дунё” АА