Ўзбекистон-Хитой: янги имкониятлар йўлидаги салоҳиятлар синергияси

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Хитой янги давлатни биринчилардан бўлиб тан олди. 1992 йил 2 январда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди ва ушбу сана мамлакатлараро мулоқотнинг изчил ривожланиши йўлида қўйилган илк қадами бўлди.
Ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. 1991 йилдан буён икки давлат раҳбарлари ўртасида 25 марта олий даражадаги саммит ўтказилди. Ўзбекистон-Хитой ўртасида 2012 йил 6 июнда стратегик шериклик, 2016 йилнинг 22 июнда кенг қамровли стратегик шериклик, 2022 йил 15 сентябрда янги даврда кенг қамровли стратегик шериклик ва ниҳоят, 2 январда ҳар қандай шароитда кенг қамровли стратегик ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилди. Бу динамика нафақат икки давлат ўртасидаги ишончнинг юксаклигини, балки ташқи сиёсий муҳитда мустақил ҳамкорликнинг узоқ муддатли характерини ҳам кўрсатади.
Икки давлат раҳбарлари ўртасида илиқ, дўстона ва ишончли муносабатлар фаол ҳамкорлик, конструктив мулоқот ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил январь ойида Хитойга амалга оширган давлат ташрифи самарали учрашувлар ва эришилган келишувларга бой тарзда ўтди. Музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарлари Қўшма баёнотни қабул қилдилар ва икки томонлама мустаҳкам ҳужжатлар тўпламини имзоладилар. Ушбу ташриф доирасида Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цянь ва Умумхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди. Осиё инфратузилма сармоялари банки, CNPC ва СITIC корпорациялари, Хитой экспорт-импорт банки раҳбарлари билан музокаралар олиб борилди. Шунингдек, кун тартибидан Гуангдонг провинцияси партия қўмитаси котиби Хуан Куньмин, йирик бизнес вакиллари билан учрашувлар, шунингдек, “Ипак йўли” жамғармаси, “SANY” ва “CSG” компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди, мулоқотлар чоғида Жиззах вилоятида “BYD” русумли гибрид ва электр автомобилларини биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари ҳам ўрин олди. Тошкент ва Пекин халқаро майдонда бир-бирини, жумладан, глобал муаммоларни ҳал этиш ташаббусларини изчил қўллаб-қувватлаб, миллий устуворлик ва манфаатларни ҳисобга олган ҳолда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзбекистон билан Хитойнинг халқаро майдондаги дипломатик шериклиги кўп томонлама, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам фаол ривожланмоқда. Бугунги кунда расмий Тошкент ва Пекин минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга биргаликда ёрдам бериб, ушбу тузилманинг асосий иштирокчилари сифатида иштирок этмоқда.
Бўлажак ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти ШҲТнинг навбатдаги саммитида иштирок этади, унда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари ўртасида минтақавий кун тартиби ва ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.
Икки давлат раҳбарларининг ишончли мулоқоти олий ва бошқа даражадаги муносабатларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.
Бунга парламентлараро ҳамкорликнинг ривожланиш динамикасини мисол қилиб келтириш мумкин. 2017 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ тузилгани бу борадаги муҳим қадам бўлди. Ўшандан бери мазкур механизм тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни мувофиқлаштириш учун самарали платформага айланди. Мазкур формат доирасида мунтазам равишда онлайн учрашувлар ўтказилиб, икки мамлакат парламент делегациялари бир-бирлари томонидан ташкил этилган халқаро форумларда иштирок этиб, ўзаро ташрифларни амалга оширмоқда.
Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэдзи бошчилигидаги делегация 2024 йил 6-9 июль кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган эди. Ушбу ташриф нафақат парламентлараро мулоқотнинг юқори динамикасини таъминлади, балки умуман сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.
Шу билан бирга, икки томонлама муносабатларда икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги фаол мулоқот муҳим ўрин тутади. Ташқи ишлар вазирликлари даражасидаги мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини мувофиқлаштириш, келгусидаги сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича позицияларни келишиш имконини беради. Бу механизм, шунингдек, ўзаро ишончни мустаҳкамлайди ва Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг стратегик даражада изчил ривожланишини рағбатлантиради. Бугунги кунга қадар сиёсий маслаҳатлашувларнинг 19-давраси ўтказилди, уларнинг сўнггиси 2025 йилнинг май ойида Пекинда бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, 2023 йил 21 ноябрь куни Пекинда икки томонлама дипломатик ҳамкорликнинг янги формати ишга туширилди. Яъни Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўртасида биринчи стратегик мулоқот бўлиб ўтди.
Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида ҳам конструктив руҳда ривожланмоқда. 2020 йилдан буён ушбу форматда ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг олтита учрашуви бўлиб ўтди, уларнинг охиргиси 2025 йил 26 апрель куни Олмаота шаҳрида бўлиб ўтди.
2024 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Чэнду шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан бўлиб ўтган учрашувида ўзаро виза талабларидан озод қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди.
2025 йилнинг 15-16 июль кунлари ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисидаги иштироки доирасида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Пекин шаҳрида Хитой Раиси Си Цзиньпин томонидан қабул қилинди ва Тяньцзин шаҳрида ташқи ишлар вазири Ван И билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон ва Хитой ўз иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдирувчи салоҳиятига, ўсишни жадаллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига таяниб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни икки томонлама муносабатларнинг асосий йўналиши деб билади.
Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо ва инвестициявий шерикларидан биридир. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб бормоқда. 2017-2024 йилларда товар айирбошлаш кўрсаткичи 2,8 баробардан ортиқ ўсиб, 14 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Мамлакатимизда Хитой инвестицияси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 4 мингдан ошди ва жорий йил бошидан буён 800 дан ортиқ шундай корхоналар ташкил этилди.
Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитаси фаолияти икки томонлама иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга самарали хизмат қилмоқда. 2023 йилда мазкур қўмита таркибида ижтимоий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг яна бир воситаси сифатида – камбағалликни қисқартириш бўйича кичик қўмита ташкил этилди. У камбағалликни қисқартириш ва барқарор ташаббусларни амалга ошириш бўйича мақсадли ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни муҳокама қилиш ва мувофиқлаштириш учун платформа бўлиб, Хитой тажрибасини алмашиш ва Ўзбекистон ҳудудларини қўллаб-қувватлаш тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратади.
Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлараро ҳамкорлиги ҳам янги суръат касб этмоқда.
2024 йил 22 январь куни Урумчи шаҳрида Ўзбекистон ва Хитойнинг биринчи ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Форумда икки мамлакат ишбилармон доиралари, ҳудудий ҳокимият ва саноат ташкилотларининг 1200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Тадбир доирасида В2В ва G2B шаклидаги музокаралари, шунингдек, Ўзбекистон экспортчиларининг маҳсулотлари намойиш этилган “Made in Uzbekistan” кўргазмаси бўлиб ўтди. Форум якунлари бўйича ҳудудлар ўртасида 27 га яқин ҳужжат имзоланди ҳамда кўргазма 30 га яқин шартнома ва битимлар тузиш учун муҳим майдонга айланди.
Иккинчи ҳудудлараро форум 2025 йил 1-2 июнь кунлари Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик мажмуасида бўлиб ўтди. Унда ҳар икки томондан ишбилармон доиралар, вилоят ва марказий ҳокимият органлари, фан ва таълим соҳаларининг 2,8 мингдан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Бундай форумлар хитойлик инвесторларнинг республикамиз ҳудудларидаги эркин иқтисодий зоналар имкониятларига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Натижада, Сирдарё вилояти Хитойнинг илғор инновациялар ҳудудига айланди – бу ерда Хитой модели асосида инновацион технопарклар ташкил этилиб, улар соддалаштирилган божхона режимига эга эркин иқтисодий зоналар мақомини олади. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун Хитой Ипак йўли жамғармаси ва бошқа институтлар билан ҳамкорликда инвестиция ҳажми 1 миллиард долларгача бўлган Ўзбекистон-Хитой инвестиция жамғармаси ташкил этилмоқда.
Шунингдек, Чирчиқ шаҳридаги саноат паркида Хитой компаниялари иштирокида “Икки ҳудуд – бир боғ” махсус индустриал зонаси яратиляпти. Бу ерда биринчи ишлаб чиқариш қуввати 2026 йилда ишга тушиши кутилмоқда. Умуман олганда, 2017-2024 йилларда Ўзбекистонда ўзлаштирилган Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 24,6 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йил сўнггига қадар 15 миллиард доллардан ортиқ сармояларни ўзлаштириш режалаштирилган.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик бугунги кунда тарихий ришталар ва Ипак йўли меросининг мустаҳкам пойдевори асосида ривожланиб бормоқда. Бу ҳамкорлик таълим, санъат, туризм ва гуманитар алмашинув каби кенг йўналишларни қамраб олган бўлиб, улар икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда хитой тили ва маданиятига бўлган қизиқиш жуда юқори. Уларни ўрганиш ва оммалаштиришда Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Самарқанд давлат чет тиллари институти муҳим ўрин тутади. Ушбу таълим муассасаларида Марказий Осиёдаги илк Конфуций институтлари фаолият кўрсатмоқда.
Ўз навбатида, Хитойда ҳам ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораяпти. Ўзбекистонда кўплаб хитойлик талабалар таҳсил олмоқда, Хитой университетларида эса ўзбек тили ва адабиётини ўқиш курслари очилган. Марказий Миллатлар университети (Пекин) ва Шанхай халқаро тадқиқотлар университетида ўзбек тили кафедралари фаолият кўрсатаяпти.
Маданиятлараро мулоқот ҳам икки мамлакатнинг маданият ва санъат намоёндалари иштирокидаги кўплаб кўргазмалар, концертлар, фестиваллар ва бошқа тадбирлар билан бойиб бормоқда.
2022 йил май ойида Сиань шаҳрида 100 дан ортиқ маданий тадбирлар ўтказилган “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммити доирасида “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” расман эълон қилинди.
2023 йил сентябрь ойида Ханчжоу шаҳридаги Хитой миллий ипак музейида “Рангли Осиё: Осиё либослари кўргазмаси” доирасида “Ўзбекистон кечаси” тадбири ўтказилди.
Жорий йилнинг август ойида Хитой Миллий музейида очилган ШҲТга аъзо давлатлар миллий музейлари коллекцияси кўргазмасида Ўзбекистоннинг энг кўп экспонатлар билан иштирок этиши маданиятлараро алмашинувдаги яна бир муҳим воқеа бўлди.
Маданий ҳамкорликнинг муҳим жиҳати туризмни ривожлантиришдир. Жорий йилнинг май ойида Пекин шаҳрида мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистоннинг туризм ва маданий салоҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Хитой фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунгача бўлган муддатга визасиз режим жорий этилиши муносабати билан ўтказилди. Бу қадам маданиятлараро мулоқотни фаоллаштириш, сайёҳлар алмашинувини ошириш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун муҳим туртки бўлди.
Албатта, Ўзбекистон-Хитой кенг қамровли ҳамкорлигининг барча йўналишлари ва ютуқларини, айниқса, кейинги йиллардаги яқин шериклик муносабатларини бир мақолада батафсил таҳлил қилиш имконсиз. Шунга қарамай, келтирилган ишончли маълумотлар икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган ишонч ва ўзаро англашув даражасига кўтарилганидан, томонлар уларни бундан кейин ҳам такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга интилаётганидан далолат беради. Ўзбекистон ва Хитой халқлари анъанавий тарзда мулоқот ва ҳамкорликка очиқ бўлиб, бу янги қўшма ташаббуслар учун мустаҳкам замин яратаётир.
Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга бўлажак расмий ташрифи стратегик шерикликни чуқурлаштириш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, ХХI асрда ҳамкорликнинг янада кенг истиқболларини очиш йўлидаги навбатдаги қадам бўлиши шубҳасиз.
“Дунё” АА