Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди

Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов Туркманистон соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазири Мурат Маммедов билан учрашди.
Суҳбат чоғида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва халқаро тадбирларда иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар икки мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътиборга олиб, бу борада соҳа мутахассислари, шифокорлар, дори-дармон ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқарувчилари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу ўринда май ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва "Замин" халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган "Болалар учун мулоқот: Марказий Осиё ва ЮНИСЕФ" минтақавий форуми натижаларига мувофиқ, "Болалар саратони бўйича халқаро академик хаб" ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга жорий йил йил 10-12 октябрь кунлари Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтадиган "Соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт" халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистоннинг тиббиёт, фармацевтика ва тиббий таълим соҳасидаги салоҳияти тақдимотини ўтказиш юзасидан фикрлар алмашилди.
Томонлар икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш, фармацевтика саноати ва тиббий таълим соҳаларида ҳамкорликни янада жадаллаштириш учун катта имкониятлари мавжудлигини таъкидладилар.