Ўзбекистон – Тожикистон: СУВ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК

Ўзбек ва тожик халқлари қадим замонлардан буён ёнма-ён яшаб келади, дарёларимиз, урф-одатлар ва маданий қадриятларимиз умумий ҳисобланади. Тарихий яқинлик, ўзаро ҳурмат, умумий манфаатлар, яхши қўшничилик Ўзбекистон Республикаси ҳамда Тожикистон Республикаси ўртасидаги замонавий ҳамкорликнинг, жумладан, сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворига айланган.
Икки давлат ўртасида сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан 1992 йил 18 февраль куни Олмаота шаҳрида имзоланган “Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги кўп томонлама Битим билан белгиланган. Мазкур ҳужжат трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланиш бўйича келишилган ёндашувларни шакллантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича қўшма Ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳнинг миллий қисмларига Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ҳамда Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазири раҳбарлик қилади.
Бугунги кунга қадар қўшма Ишчи гуруҳининг еттита йиғилиши ўтказилган бўлиб, уларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари мунтазам равишда муҳокама қилинади. Хусусан, сув хўжалиги соҳасида қўшма трансчегаравий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек “Баҳри Тожик” сув омборининг иш режимини келишиш масалалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида ёзги даврда “Баҳри Тожик” сув омборининг иш режимини келишиш бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мазкур ҳамкорлик ҳар йили ўзбек, қозоқ ва тожик томонлари иштирокидаги Ишчи йиғилиш баённомаларини имзолаш орқали амалга оширилади.
Эришилган келишувларга мувофиқ, Тожикистон Республикаси ёзги даврда “Баҳри Тожик” сув омборидан қўшимча сув чиқаришни таъминлаб, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳудудларидаги суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланишини яхшилаш ҳамда вегетация даврининг муваффақиятли ўтишига хизмат қилади. Ўз навбатида, ўзбек ва қозоқ томонлари Тожикистон томонига “Баҳри Тожик” сув омборида ирригация ва қирғоқни мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш учун техника, ускуналар ва ёқилғи-мойлаш материаллари кўринишида беғараз моддий-техник ёрдам кўрсатади.
2025 йил 30 май куни Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонлари ўртасида “Баҳри Тожик” сув омборининг 2025 йил июнь-август ойларидаги иш режимини келишиш бўйича навбатдаги уч томонлама Ишчи йиғилиш баённомаси имзоланди. Мазкур баённомага мувофиқ, ушбу давр учун 1 142 млн м³ ҳажмда сув чиқариш режалаштирилган эди. Бироқ амалда сув чиқариш ҳажми 1 241 млн м³ ни ташкил этди. Бу эса қўшимча сув чиқарилиши ҳисобига Сирдарё дарёси ҳавзасига кирувчи Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги экин майдонларини ишончли сув билан таъминлаш имконини берди.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан яна бири сув ресурсларини мониторинг қилиш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштиришдир. 2021 йил 31 майдаги Ўзбекистон–Тожикистон қўшма Ишчи гуруҳининг Марказий Осиёнинг трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича 4-йиғилиши баённомасига мувофиқ, 2024 йилда Швейцария ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан “Патар” ва “Сарвак” гидропостларида замонавий сув ўлчаш ускуналари ўрнатилди. Ушбу ускуналар ўзбек ва тожик томонларига реал вақт режимида тезкор ва ишончли маълумотларни олиш ҳамда давлатлараро “Шимолий Фарғона” ва “Катта Фарғона” магистрал каналларида сув сарфи бўйича аниқ ҳисоб юритиш имконини бермоқда.
Сув омборлари иш режимини мувофиқлаштириш ва сув ресурсларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда, томонлар ирригация инфратузилмасини тиклаш, модернизация қилиш ва ҳимоя қилишга қаратилган қатор чора-тадбирларни ҳам амалга оширмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилоятида сув ресурслари танқислигини юмшатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида 2018–2021 йилларда Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган Варзоб дарёсидан сув олувчи “Катта Ҳисор” каналининг 50,8 км узунликдаги қисми лойқа ва чўкиндилардан тўлиқ тозаланди.
Шунингдек, 2022–2025 йилларда ҳудудда барқарор сув олишни таъминлаш мақсадида Варзоб дарёсидаги йирик сув тақсимлаш иншоотида (4 та сув тартибга солувчи дарвоза) ҳамда “Катта Ҳисор” каналидаги 28 та катта ва кичик дарвозаларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, “Катта-Ҳисор” каналининг “Хонака” дарёси орқали дюкер орқали ўтувчи қисми авария ҳолатига келиб қолганлиги сабабли, уни “Хонака” дарёсидан келадиган сел ва тошқин сувларидан ҳимоя қилиш мақсадида дарё ўзанида темир-бетон мустаҳкамлаш ишлари бажарилди.
Мазкур тадбирлар натижасида, вегетация ва вегетациядан ташқари даврларда ирмоқларнинг сувга бойлик даражасини инобатга олган ҳолда, Тожикистон Республикаси ҳудудидаги манбалардан Сурхондарё вилояти учун қўшимча равишда 35–40 м³/с гача сув етказиб берилиши таъминланмоқда.
Сув – мамлакатлар тараққиёти ва халқлар фаровонлигини белгиловчи энг муҳим неъматлардан биридир. Ўзбекистон ва Тожикистон трансчегаравий дарё ресурсларидан биргаликда фойдаланар экан, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда умумий тараққиёт сари интилишни давом эттирмоқда.
Ўткир Шералиев,
Сув хўжалиги вазири ўринбосари