Телеграмда Ўзбекистон-Туркманистон экспорт-импорт платформаси гуруҳи ташкил этилди
Ушбу платформа Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакатимизда тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва экспортни рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Туркманистондаги Элчихонаси жамоаси томонидан ташкил этилди.
Унда Туркманистон билан экспорт-импорт савдо алоқаларини йўлга қўйиш истагиди бўлган тадбиркор ватандошларимизга қуйидаги хизматлар беғараз таклиф этилади.
- Маҳсулотларингизни Туркманистонда тарғиб этиш;
- Бизнес ҳамкорлар топиш ва улар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш;
- Туркманистондаги иқтисодий қонунчилик, божхона тўловлари, транспорт харажатлари, нарх-наво ва бошқа ахборотларни мунтазам бериб бориш;
- Экспорт-импорт операцияларини амалга ошираётганда келиб чиқадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича маслаҳатлар бериш ва амалий кўмак кўрсатиш.
Ҳурматли тадбиркор ва экспортчиларнинг платформадаги ҳар бир мурожаати Элчихона ходимлари томонидан назоратга олиниши ва уларга тегишли равишда муносабат билдирилиши кафолатланади.