ЮНВТОнинг минтақавий 66-йиғилишини Самарқандда ўтказиш режалаштирилмоқда
Жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) шафелигида «Тикланиш йўли» номли халқаро онлайн-конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари-Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, ЮНВТО бош котиби Зураб Пололикашвили, ушбу ташкилотда рўйхатдан ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Россия, Беларусь ҳамда Молдова туризм маъмуриятлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари йиғилиш қатнашчиларига Ўзбекистонда туризм соҳасинининг замонавий ривожланиши, малакатимиз раҳбарияти томонидан турзм саноатининг ўсишини рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 майдаги «Коронавирус пандимиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори ҳақида маълумот берди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ миллий туристик хизматларни етказиб берувчиларга катта имтиёзлар берилиши таъкидланди
Ўзбекистонда туризм соҳасини қайта тиклаш жараёнида ЮНВТО, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг талаб ва таклифлари, халқаро экспертлар фикрлари ҳамда хорижий давлатларнинг тажрибаси инобатга олинаётгани таъкидланди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон МДҲда биринчи бўлиб ички туризмга рухсат бергани айтиб ўтилди. Сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги «Ўзбекистон хавфсиз туризмни кафолатлайди» (Uzbekistan safe travel guaranteed) тизими ва махсус хавфсиз туризм суғурта фонди ташкил этилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда сайёҳларнинг хавфсиз ва қулай бўлиши учун ишлаб чиқилган.
Онлайн-конференция иштирокчилари ўз мамлакатларида туризмни қўллаб-қувватлаш ва COVID-19нинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича тажриба бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди, туризм индустриясини тиклаш бўйича самарали стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича энг яхши тажрибалари билан ўртоқлашди.
ЮНВТО бош котиби Зураб Пололикашвили ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотнинг фаол аъзоси эканлигини ва мамлакат доимо аҳолини ҳимоя қилиш воситаси сифатида барқарор туризмга содиқлигини намойиш этишини, шунингдек туризм соҳасини ривожлантириш учун янги бизнес моделларини қабул қилаётганини эътироф этди.
Бош котиб конференция иштирокчиларига ЮНВТОнинг Европа минтақавий комиссиясининг 65-йиғилиши онлайн тарзда бўлиб ўтишини ва ташкилотнинг навбатдаги 66-йиғилиши 2021 йил июнь ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилганлигини маълум қилди.
Унга кўра, бугунги кунда ЮНВТО пандемияга қарши курашдан келажакка фаол тайёргарлик кўриш учун ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда ташкилотга аъзо давлатлар учун бир нечта тамойиллар ишлаб чиқилган. Улар орасида давлатнинг молиявий ёрдамига муҳтож бўлган туристик субъектларга кўмак бериш, вирусдан холи бўлгандан кейин туристик шароитларни енгиллаштириш, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш орқали хавфсиз туризмни таъминлашга қаратилган қўшма протоколлардан фойдаланиш киради.