Ўзбекистон-МДҲ: кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини оширишда муҳим платформа

Сўнгги саккиз йилларда Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари билан кўп томонлама муносабатларни фаол ривожлантириб келмоқда. Бундай ҳамкорлик алоқаларининг янада яхшиланишига Ҳамдўстлик мамлакатларининг ҳудудий яқинлиги ва иқтисодий жиҳатдан боғланганлигига эмас, балки чуқур тарихий илдизлар, минтақавий алоқалар, катта тарихий давр мобайнида халқларимиз тақдирининг муштараклиги ҳам асос бўлаётир.
МДҲ давлатлари билан олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашинуви ҳам ошди. Бу жиҳат кўп томонлама мулоқот ва ҳамкорликни, Ҳамдўстлик маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилаяпти.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2024 йилларда Ҳамдўстлик давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишларида иштироки якунлари бўйича имзоланган ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ миқёсда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида “Йўл хариталари” қабул қилинди. Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбари ўтган саммитларда МДҲ мамлакатлари тараққиётига ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилаётган 100 дан ортиқ ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон илк бор 2020 йилда МДҲга раислик ҳам қилди.
Ўзбекистон сўнгги саккиз йилда имзоланган 24 та кўп томонлама ҳужжат, МДҲ олий органларининг 22 та қарори ва 20 дан ортиқ соҳавий ҳамкорлик органларига қўшилди.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимиз МДҲ доирасида барча соҳаларда ҳамкорликнинг ижобий динамикасини сақлаб келмоқда. Хусусан, ушбу бирлашма маконида Ўзбекистон учун кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий йўналишлар қаторида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Маълумотларга кўра, юртимиз ташқи савдо айланмасининг 35,1 фоизи МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келди. Жумладан, 2024 йилда республиканинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан ўзаро савдоси 23,1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистон ҳудудларида Ҳамдўстлик давлатлари капитали иштирокидаги 5,5 минг компания муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ҳудудлараро савдони рағбатлантириш мақсадида МДҲ давлатларида 130 дан ортиқ махсус иқтисодий зоналар фаолият кўрсатмоқда, чегаравий савдо зоналари ҳам ташкил этилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 8 октябрь Россия пойтахти Москва шаҳрида ўтган саммитдаги нутқида ва 25 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишида биргаликдаги фаолиятни кучайтириш устувор вазифа экани қайд этди.
Савдо-иқтисодий соҳада МДҲнинг асосий ютуғи сифатида ўзаро савдони кенгайтириш, савдо муносабатларидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун қулай шарт-шароитларни яратадиган эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома имзоланганлигини урғулаш даркор.
Ўзбекистон Ҳамдўстлик мамлакатлари билан замонавий таҳдид ва таҳдидларга қарши биргаликда курашишда ҳам яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. МДҲ доирасида терроризмга қарши кураш маркази ташкил этилди, у терроризм ва экстремизмнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш соҳасида иштирокчи давлатларнинг ваколатли органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи ихтисослаштирилган тармоқ органи ҳисобланади.
2024 йилда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш доирасида, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудидан ўтадиган халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш ва инфратузилмани оптималлаштириш бўйича ҳаракатлар режаси, 2025-2027 йилларга мўлжалланган дерадикализация соҳасидаги ҳамкорлик дастури ва бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Шуниндек, давлатимиз раҳбари таклифи билан Тошкент шаҳрида МДҲ мамлакатлари таҳлилий марказларининг “Узоқ муддатли ҳамкорлик учун янги кун тартиби” мавзусида халқаро конференцияда муҳим таклифлар ва ташабуслар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг апрель ойида пойтахтимиз Тошкент шаҳри МДҲ Иқтисодий кенгаши мажлиси, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ҳудудлараро биринчи форуми ва биринчи Инновацион ривожланиш форумини қабул қилди.
МДҲ Иқтисодий кенгаши мажлисида ушбу тузилмага аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, МДҲ органларини молиялаштириш, статистика, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Биринчи Ҳамдўстлик ҳудудлараро форумида жаҳон савдосидаги глобал жараёнларни ҳисобга олган ҳолда, ташкилотга аъзо мамлакатларда савдо муносабатларини рағбатлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар, жумладан, МДҲ доирасида Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Битим салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, товарлар ва хизматлар ҳаракати йўлидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, савдо тартиб-қоидалари ва юк ташишни рақамлаштириш, минтақавий ҳамкорлик лойиҳаларини фаол жалб этиш орқали кенгайтириш таклиф этилди.
Форумнинг ишбилармонлик дастурига кўра, В2В форматида музокаралар ва учрашувлар ташкил этилди. Форум якунлари бўйича дўстона муносабатларни ўрнатиш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйишга оид 10 дан ортиқ ҳужжат, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Биринчи Инновацион ривожланиш форуми иштирокчилари эса замонавий технологияларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар ва истиқболли инновацион лойиҳаларни илгари суриш ва тижоратлаштириш бўйича МДҲга аъзо давлатларнинг инновацион ҳамкорлик бўйича Давлатлараро дастури имкониятларини муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, шу йил 7-8 август куни Самарқандда Ҳамдўстлик мамлакатларида сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича халқаро форум ташкил этилди. Икки кунлик форум давомида бешта сессия ўтказилди ва уларда сунъий интеллект соҳасидаги долзарб масалалар ва янги тенденциялар, бизнес учрашувлар, тажриба ва инновацион ечимлар алмашинуви, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Мазкур халқаро форум МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, умумий сиёсат ва стандартларни мувофиқлаштириш, инновацион ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш ва янги илмий-техник истиқболларни белгилаш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳим экани ҳеч қимга сир эмас. Ўзбекистон ушбу жабҳада ҳам мазкур тузилмага аъзо давлатлар билан кўп томонлама, ҳам икки томонлама шаклларда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпти.
МДҲ давлатлари ва халқларини умумий маданий-тарихий мерос ва кўплаб гуманитар ришталар боғлаб тургани муҳим қимматли манбадир. Бу омиллар бугунги кунда Ҳамдўстликнинг мустаҳкам ва ишончли таянчлари бўлиб қолмоқда. Маданий алоқалар жадал ривожланяпти. Мазкур тузилма доирасида фестиваллар, концертлар, турли ярмаркалар, спорт ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келиняпти.
Душанбе саммити доирасида, шунингдек, “Марказий Осиё+Россия” мулоқоти шаклидаги навбатдаги учрашув бўлиб ўтади. Мулоқот кун тартибида биринчи навбатда халқаро ва минтақавий муаммолар, хавфсизлик , халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича қўшма ташаббуслар ва бошқалар каби долзарб масалаларга эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 14 октябрда Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган биринчи “Марказий Осиё – Россия” саммитида иштирок этган эди. Унда “Марказий Осиё – Россия” форматидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур форматдаги илк учрашувда минтақавий шерикликни кучайтириш мақсадида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг МДҲ фаолиятидаги иштироки ва мазкур тузилмага аъзо мамлакатлар билан муносабатлари кенг истиқболга эга. Бундай ўзаро алоқалар ҳақли равишда яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро кўмак намунаси бўлиб хизмат қилмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистон-МДҲ муносабатларининг келажагига некбинлик билан қараш имконини беради.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитлар ва уларнинг якунлари мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз фаровонлиги йўлида Ҳамдўстлик маконида кўп томонлама муносабатлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
“Дунё” АА